«Адолат» партияси – тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат тарафдори
Юртимизда 7 июндан бошлаб давом этаётган партияларнинг сайловолди ташвиқоти замонавий, рақамли ва инновацион услублари ҳамда ранг-баранг шакллари билан инсоннинг диққатини жалб қилмоқда.
Эрталаб ишга кетаётиб катта видео-таблода «Адолат» партияси номзодининг «Тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат тарафдоримиз!» деган шиорига кўзим тушди. Сайловолди дастурини қизиқиш билан ўрганиб чиқар эканмиз, ундаги қуйидаги муҳим ташаббуслар эътиборга лойиқдир:
Биринчидан, ер юзидаги энг олий ва бебаҳо неъмат бу - тинчликдир. Дастурда шу масалага алоҳида эътибор қаратилгани унинг қадр-қимматини янада кўтаради.
Иккинчидан, номзод юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтиришни долзарб вазифа эканлигини таъкидлайди. Бу эса, янгиланган Қомусимизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатни амалга оширишига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.
Учинчидан, юртимизнинг тақдири Марказий Осиё минтақасидаги қўшни мамлакатлар тақдири билан чамбарчас боғлиқдир. Номзоднинг Марказий Осиёни амалда барқарор, ҳар томонлама ривожланган ва яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилган динамик минтақага айлантириш, қўшни мамлакатлар билан савдо иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларда алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича ишларни давом эттириши эътиборга лойиқдир. Демак, бу йўналишда охирги 5-6 йилларда қилинаётган муҳим қадамлар ва ислоҳотлар бардавом бўлади.
Тўртинчидан, бугун Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигини жадаллаштириш йўлидан бормоқда. Номзоднинг сайловолди дастурида бу масалага эътибор қаратилгани, келажакда ЖСТга аъзолик миллий иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни тезлаштиришга, унинг рақобатбардошлигини оширишга, Ташкилотга аъзо мамлакатлар билан барқарор савдо муносабатларни ўрнатишга имкон яратилади.
Бешинчидан, номзоднинг «Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир фуқароси эркинлик ва адолат, тинчлик ва фаровонликда яшашга ҳақлидир!» деган ғояси диққатга сазовордир. Нега деганда, Ўзбекистон кўпмиллатли давлат. Бугунги кунда юртимизда 136 миллат ва элатлар, 150 дан ортиқ миллий маданий марказлар иноқ, тинчлик ва осойишталикда яшаб келмоқда.Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Номзоднинг бу ғояси юртимизда миллатлараро тотувлик ва маданиятлараро мулоқотнинг бардавом бўлишни англатади.
Хулоса қилар эканмиз, «Адолат» СДП номзодининг сайловолди дастуридаги тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат олиб бориш борасидаги ташаббуслари, юртимизда тинчлик ва барқарорликни, яқин ва узоқ хориж давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашда, илғор тараққий этган мамлакатлар билан юқори технологиялар, замонавий инновациялар, инвестициялар соҳасида ҳамкорлик қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Демак, 9 июль - халқ иродасини ифода этувчи Президент сайловида барча партияларнинг сайловолди дастурларини ўрганиб чиққан ҳолда, халқимиз ўзининг шаффоф ва оқилона фикрини билдиради.
Феруза Усарова
ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи маркази директори в.б.,
сиёсий фанлар номзоди, доцент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter