«Адолат» СДП раиси ўринбосари «Конституция хиёбони»ни ташкил этишни таклиф қилди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига "Адолат" СДП раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов таклиф билдирди. Муносабат матни ЎзАда келтирилган.
«Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон ўз мазмун-моҳиятига кўра партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларига, қонун устуворлиги ва адолатлилик тамойилларига ҳамоҳанг, деб ҳисоблайди.
Ўйлаймизки, кимдир ўқиб ўрганса, кимдир кўриб ва яна кимдир эшитиб ўрганади. Шу сабабли биз ҳуқуқни ўрганиш учун турли воситалардан фойдаланишимиз жоиз. Президентимизнинг ушбу муҳим фармонини амалга ошириш бўйича тегишли давлат органларига қуйидаги таклифларимиз билан ўртоқлашишни лозим топдик:
Биринчидан, ҳар бир шаҳар ва туман марказларида “Конституция хиёбони” яратиш ва боғнинг марказига Конституциянинг рамзий монументини ўрнатиш. Унинг атрофига давлат рамзлари ва улар ҳақидаги маълумотларни одамларни ўзига жалб қиладиган тасвирларда жойлаштириш; хиёбон марказига олтита йўлак қилиш ва йўлаклар четига Конституциянинг олти бўлими бўйича моддаларни электрон таблоларга ва макетларга ўрнатиш; хиёбонда Конституция ва қонунлар кутубхонаси ва алоҳида дўконларни ташкил этиш. Хиёбонда радиоэшиттирувлар, теле-видеокўрсатувлар ташкил қилиш ва уларда фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлари ҳақидаги маълумотлар бериб бориш.
Иккинчиси. Мактабгача таълим муассасаларида болалар учун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва давлат рамзлари ҳақида тушунчалар берувчи рангли электрон таблолар яратиш ва уларни кўринарли жойларга ўрнатиш, ҳар бир муассасада Конституция хонаси ташкил этиш ҳамда уларни Бош қомусимизни ифодалайдиган суратлар, ўйинчоқлар ва бошқа кўргазмали воситалар билан жиҳозлаш, мультипликацион фильмлар яратиш, мусиқали ва овоз чиқарувчи ранг-баранг китоблар нашр этиш.
Учинчиси. Умумий ўрта таълим мактабларида Конституция майдони яратиш ва уни Конституция ва қонунлар акс этган замонавий тарғибот воситалари билан жиҳозлаш. Мактаб биноси ичида ўқиш қулай бўлган жойга Конституция ва қонунлар ҳақидаги маълумотларни, қайси хатти-ҳаракатларни содир этиш маъмурий ёки жиноий жавобгарлик келтириб чиқаришини акс эттирувчи электрон табло ўрнатиш.
Тўртинчиси. Ҳар бир олий таълим муассасасида Конституция майдони яратиш ва уни Конституция ва қонунлар акс эттирилган замонавий тарғибот воситалари билан жиҳозлаш. Муассаса биноси ичида ўқишга қулай бўлган жойга Конституция ва қонунлар ҳақидаги маълумотларни, ҳуқуқий маданият ва одоб-ахлоқ тўғрисида кенг қамровли тушунчалар бериб борадиган, маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқарадиган хатти-ҳаракатлардан огоҳ этувчи электрон табло ўрнатиш.
Бешинчиси. Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат жойлари тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш ҳамда жамоат жойларида, кўча-кўйда юриш, ўзини тутиш ва атрофидагилар билан муомала қилиш маданиятини шакллантириш бўйича ҳар бир турдаги йўловчи транспорт воситаларида, автобекатларда, темир йўл бекатларида, аэропортларда, овқатланиш ва савдо шохобчаларида, турар жой бинолари олдида жамоат жойларида қонунбузарлик ҳолатларига чек қўйиш мақсадида огоҳлантирувчи ва тушунтирувчи таблолар ўрнатиш», — дея таклиф билдирган сиёсатчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter