Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистондаги деҳқончиликнинг Ўзбекистон ҳавосига таъсир қилиши шубҳасиз – Азиз Абдуҳакимов

Афғонистондаги деҳқончиликнинг Ўзбекистон ҳавосига таъсир қилиши шубҳасиз – Азиз Абдуҳакимов

Самарқандда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21 UNCCD) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида бугун, 15 ноябр куни экология вазири Азиз Абдуҳакимов раислигида ялпи мажлис бўлиб ўтди.

Тадбирда бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисда глобал миқёсда қум ва чанг бўрони дастурининг сиёсий мавқейини ошириш учун биргаликда нима қилиш лозимлиги, бундай табиат ҳодисалари чегарабилмаслиги боис минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурати каби масалалар муҳокама қилинди.

Азиз Абдуҳакимов, жумладан, Ўзбекистоннинг жанубий вилояти, Афғонистон билан чегарадош Сурхондарёда содир бўлиб турадиган «Афғон шамоли» хусусида тўхталди. Вазир, чанг бўрони пайтида гарчи аҳоли моддий зарар кўрмасада, унинг ҳаёт ва соғликка ҳамда атроф-муҳитга жиддий зарар етказишини таъкидлаб ўтди.

– Ўзбекистон учун тобора тез-тез ва кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси долзарб масала. Мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат бўлганлиги сабабли Ўзбекистоннинг деярли бутун ҳудуди чанг бўронларининг салбий таъсирига учрайди. Ер ва яйловларни нобарқарор бошқариш, интенсив қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ўрмонларнинг кесилиши натижасида чўлланиш ва ернинг деградацияси каби муаммоларга тобора кўпроқ дуч келиняпти, – дейди Абдуҳакимов.

Унинг қўшимча қилишича, бу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражадаги комплекс ҳаракатлар амалга оширилиши керак. Ер билан муносабатлар қайта кўриб чиқилиши, қум ва чанг бўронларига қарши курашишда сиёсий ирода ва институционал тайёрлик зарурияти, илмий ёндашув ва минтақаваий ҳамкорлик шулар жумласидан.

– Чўлланишга қарши курашиш, қум ва чанг бўронларининг олдини олиш айни пайида ҳукуматнинг устувор вазифаларидан бири.

Бу ишни Ўзбекистон Президенти шахсан ўзи назорат қилиб, Вазирлар Маҳкамасига ер деградациясининг нейтраллигига эришиш бўйича самарали сиёсат ва чора-тадбирларни жорий этиш бўйича топшириқ бермоқда, – дейди вазир.

У, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик борасида тўхталиб, Афғонистонда шаклланадиган ва Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларига ёпириладиган қум бўронлари қўшни давлатдаги деҳқончилик усуллари билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлайди.

– Афғонистонда деҳқончиликнинг қандай олиб борилаётгани Ўзбекистондаги ҳаво сифатига таъсир қилиши шубҳасиз. Бу – ҳақиқат.

Шу боис минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, мулоқот, билим ва маълумотлар алмашинувига кўмаклашиш устувор вазифага айланиши керак, – дейди экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг