Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Афғонистонга электр узатиш тарифлари ўзгармаган – «Ўзбекистон МЭТ»

Афғонистонга электр узатиш тарифлари ўзгармаган – «Ўзбекистон МЭТ»

Жорий йил 22 февраль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Афғонистон бош вазири ўринбосари Абдул Ғани Бародар ўртасида савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларига доир музокаралар бўлиб ўтган эди.

23 февраль куни эса Абдул Ғани Бародар Афғонистон ОАВга Ўзбекистондаги музокаралар юзасидан матбуот анжумани бериб, унда Ўзбекистон томони ёз ойларида электр энергияси етказиб беришни кўпайтиришга ва келгуси йилда тарифларни пасайтиришга розилик билдирганини айтган.

«Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» компанияси эса Афғонистонга экспорт қилинаётган электр тарифлари билан боғлиқ хабарларни рад қилмоқда.

«Жанубга экспорт қилинадиган электр энергияси тарифлари арзонлаштирилиши бўйича ҳеч қандай ўзгариш қилинмаган», – дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, бўлиб ўтган ўзаро учрашувларда икки томонлама манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилган.

Шунингдек, энергетика йўналишида афғон томони сўровига асосан, 220—500 кВ кучланишли «Сурхон – Пули-Хумри» электр тармоғини қуриш лойиҳасини қўшимча нимстансиялар ва тармоқлар барпо этиш ҳисобига кенгайтиришга келишилган.

Лойиҳанинг оптималлаштирилгани ва қурилишда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушининг ортиши ҳисобига эса қурилиш харажатларини 252 миллион АҚШ долларидан 222 миллион долларга тушириш борасида дастлабки келишувга эришилган.

«Шартнома ҳозирги вақтда келишув жараёнида ва келишув якунланганидан кейин имзоланади.

Шу билан бирга, Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш билан боғлиқ тарифлар бўйича ҳеч қандай расмий ўзгариш қилинмаган», – дейилади «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ахборот хизмати муносабатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг