Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аксилмонопол текширув ортидан «Яндекс Такси» Қозоғистон жамғармасига 6,6 миллион доллар тўлаб берди

Аксилмонопол текширув ортидан «Яндекс Такси» Қозоғистон жамғармасига 6,6 миллион доллар тўлаб берди

Қозоғистон Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги «Яндекс Такси» компаниясига нисбатан антимонополия текшируви натижаларини эълон қилди. Суриштирув жараёни тахминан икки йил давом этди.

Россия компанияси бир неча моддалар бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Агентлик компанияни назорат-касса аппарати дастурий таъминотини «техник қўллаб-қувватлаш хизмати» орқали «такси компанияларининг хўжалик фаолиятини мувофиқлаштириш», шунингдек, давлат органларига маълумотларни тақдим этмасликда айблаган.

Компания бир неча моддалар бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. Агрегаторга нисбатан қандай санкция қўллангани ҳақида маълумот йўқ, бироқ «Яндекс Такси» давлат жамғармасига «ихтиёрий асосда» 3 миллиард тенге (6,6 миллион доллар) киритгани маълум.

Шунингдек, Россия компанияси ҳайдовчилар ва йўловчилар учун бир қатор енгилликларни беришга рози бўлган:

  • «Яндекс Такси» ҳайдовчилар учун қўшимча бонус дастурини жорий қилади, унинг иқтисодий самараси йилига 7-10 миллиард тенгени (15,4-22 миллион доллар) ташкил этади;
  • хизмат нархи юқори талаб туфайли базавий нархдан икки баравар юқори бўлган буюртмалар учун комиссия миқдорини пасайтиради;
  • максимал талаб шароитида (ёмғир, қор, байрамлар) тарифларни ошириш коэффициенти 3 дан кўп бўлмайди;
  • фойдаланувчи иловасида нархларнинг шаффофлиги ошади, тарифларни пасайтириш прогнози пайдо бўлади, алгоритмларнинг ўзи мустақил аудиторлик компанияси томонидан ўрганилади;
  • Янгиланган «Биргаликда» тарифи жорий қилинади, ҳатто талаб энг юқори бўлган даврда ҳам арзонроқ нархда таксига буюртма бериш имконияти пайдо бўлади;
  • болали йўловчилар учун болалар ўриндиғи билан автомобил чақириш имкониятига эга бўлган махсус тариф жорий этилади.

Мажбуриятларнинг бажарилиши бир қатор вазирликлар, шунингдек, такси саноати бирлашмалари мутахассислари иштирокидаги махсус мониторинг гуруҳи томонидан назорат қилинади. Келгусида қонунбузарликлар аниқланса, қонунга мувофиқ чора кўрилади.

Бундан ташқари, агентлик томонидан муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ташаббуси билдирилди. Ҳайдовчиларга «Яндекс» билан тўғридан-тўғри – такси компаниялари иштирокисиз ва уларга 4-8% комиссия тўламасдан ишлашга рухсат бериш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Рақобат қўмитаси ўтган ҳафта Yandex'нинг такси агрегаторини устун мавқега эга субъектлар қаторига киритган эди. Аввалроқ компания Солиқ қўмитасининг талаби билан, 1 декабрдан бошлаб солиқ тўлай бошлашини билдирган, лекин шу важ сабабли ҳайдовчилардан ундирадиган комиссиясини оширганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг