Андижон йўналишидаги поезд маъмурига берилган пора юзасидан муносабат билдирилди
«Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси бир неча кун муқаддам тарқалган Тошкент-Андижон йўналишида поездга чиққан турк сайёҳининг таркибга масъул ходимлардан бирига пора бериш эвазига ўз ўрнини яхшироғига алмаштиргани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
Компания ўз муносабатида аввалги ҳолат – нидерландиялик сайёҳнинг «Афросиёб»да поезд кузатувчисига 15 доллар пора берганини эслатиб, ижтимоий тармоқ фаолларини мазкур видеолавҳани қайта тарқатишда ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганликда айблайди. Аммо «Ўзтемирйўлйўловчи» ўша лавҳанинг октябрь ойида тарқалмасидан аввал қайси ижтимоий тармоқ саҳифаларида тарқалгани ва компания мазкур ҳуқуқбузарликдан қай тариқа хабардор бўлганлиги ҳақида тўхталмайди.
Андижон йўловчи поездида турк сайёҳи ўз вагонидан юқори тоифадаги вагонга ўтиш учун вагон кузатувчисига пул берганлиги ва вагон тоифасини ўзгартирганлиги юзасидан тарқалган ҳолат бўйича эса ўрганишларда «керакли маълумотлар (қайси кун, қайси поезд, қайси вагон) эканлиги видео роликда акс этмаганлиги сабабли» ҳолат ўз исботини топишининг ва айбдор ходимни аниқлашнинг имконияти топилмагани айтилади.
Ўз навбатида компания фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган, исботланмаган, асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўрамоқда.
«Ушбу жараёнда ОАВларида тарқатилаётган ҳар бир маълумот, фуқароларимизнинг ва юртимизга ташриф буюрган меҳмонларимизнинг мамлакатимиз темир йўллари ҳақида салбий тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келади», – дейилади расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон темирйўлларида коррупцион ҳолат билан боғлиқ иккинчи ҳолат кузатилганидан сўнг Xabar.uz ўзининг Telegram каналида сўровнома ўтказган эди.
Сўровномада 1763 киши иштирок этган ва унинг натижаларига кўра: иштирокчиларнинг 33 фоизи темирйўл хизматидан фойдаланганда у ёки бу кўринишда масъул ходимларга пора берган. Пора бермаганлар эса иштирокчиларнинг 56 фоизини, бу ҳолатни эслолмаганлар эса 11 фоизни ташкил қилди.
Диққат!
Тизимда коррупцион ҳолатлар учраган тақдирда, зудлик билан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг ишонч телефонига (+99871-299-94-50) қўнғироқ қилишингиз ёки @pastrans телеграм манзилига мурожаат қилишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter