Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ элчихонаси «Грин карта» дастури иштирокчиларига маслаҳат берди

АҚШ элчихонаси «Грин карта» дастури иштирокчиларига маслаҳат берди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Green card» дастурида иштирок этиш истагида бўлганларга маслаҳат берди.

Қўшма Штатлар элчихонасининг таъкидлашича, аввало dvprogram.state.gov сайти орқали, дастур талабларига жавоб бериш шартлари билан танишиб чиқиш зарур. Иштирокчи дастур талабларига жавоб бермаса, дастурда иштирок этмагани маъқул.

Дастур билан танишишда эса фақатгина АҚШ ҳукуматининг расмий веб-сайтларида келтирилган маълумотларга таяниш зарур. DV2025-йилги дастур бўйича маълумотни тақдим этувчи ягона расмий манба – «.gov» билан якунланган веб-сайтлар ҳисобланади.

Шунингдек:

  • dvprogram.state.gov сайти орқали ариза топширилади. Бу дастурда иштирок этишнинг ягона йўлидир. Сохта веб-сайтлар ёки фирибгарларга алданиб қолмаслик керак.
  • Дастурда иштирок этиш учун ариза топшириш бепул.  Аризани бепул тўлдириб беришни таклиф этадиган ёки тўлов орқали дастурда имкониятни ошириб беришни ваъда қиладиган шахслардан эҳтиёт бўлиш лозим.
  • Охирги олти ой ичида олинган фотосуратдан фойдаланиш керак. Ариза топшириш вақтида эски фотосуратдан фойдаланиш, дастурдан четлаштирилишга сабаб бўлади.
  • Бир иштирокчи фақатгина бир марта ариза топшириши мумкин. Бир дастур мавсуми давомида, бир мартадан кўп ариза топширган шахслар дастурдан четлаштирилади.
  • Иштирокчи билан бирга саёҳат ёки иммиграция қилмайдиган тақдирда ҳам, аризага турмуш ўртоғи ва 21 ёшдан кичик ва турмуш қурмаган барча фарзандларини киритиши керак. Дастурда иштирок этиш учун танланган ҳолатида ҳам, иштирокчи аризасига хато ёки тўлиқ бўлмаган маълумотни киритган бўлса, дастурдан четлаштирилиши мумкин.
  • Махсус тасдиқлов рақамини  (confirmation number) сақлаб қўйиш зарур. 2024 йилнинг май ойида дастур бўйича танлов натижасини текшириш учун ушбу рақам керак бўлади.
  • Дастур бўйича танлов 2024 йилнинг май ойида бўлиб ўтади. Дастурда иштирок этиш учун танлаб олингани ҳақида маълумотга эга бўлишнинг ягона йўли dvprogram.state.gov/ESC сайти орқалидир. Бирон-бир хат ёки электрон почта орқали келган эълонларга алданиб қолиш керак эмас.
  • Дастурда танлаб олинганлик, виза учун суҳбатда иштирок этиш ёки виза олиш кафолатини бермайди.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг