АҚШга ноқонуний йўл билан юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказган қатор тезкор тадбирлар натижасида фуқароларни ноқонуний йўллар билан Америка Қўшма Штатларига юборишга уринган бир нечта шахслар қўлга олинди.
Жумладан, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи, 35 ёшли шахс Навоий шаҳрида яшовчи фуқарони «Туркия-Европа-Мексика» йўналиши орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 28 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 14 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Жиззах вилоятида эса, Тошкент шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган ва аввал фирибгарлик жиноятлари учун бир неча марта судланган шахс фуқарони АҚШга юборишни ва виза расмийлаштиришни ваъда қилиб, 35 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 10 минг долларни учинчи шахс орқали олган пайтда қўлга тушган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, 2000 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун бир неча маротаба судланган шахс Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, уни Қўшма Штатларга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кузатилган ҳолатда эса, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, 25 ёшли шахс маҳаллий фуқарони Туркия-Испания-Мексика йўналиши орқали Америкага ишлаш мақсадида юбориш учун мансабдор танишлари орқали виза расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари ва 26 млн. сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Хизматнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 й.т. шахс Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Америка Қўшма Штатларига ишга юбориш ҳамда виза ва бошқа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 52 млн. сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter