Айрим қилмишлар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилиняпти

Сенатнинг 7-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Бугунги кунда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар ижтимоий аҳамиятини йўқотган ва уларнинг сони кескин камайган. Шу билан бир вақтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддасида айни бир маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган. Шу боис ушбу Қонун уларни мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига айрим ҳуқуқбузарликлар учун қилмишнинг хусусиятидан, жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлилик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда маъмурий жавобгарликни бекор қилишга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, МЖтКнинг:
- 73 моддаси (Зарарли моддалар ва қоришмаларга оид операцияларни кема ҳужжатларида қайд этиш мажбуриятларини бажармаслик) – 2019-2023 йилнинг 6 ойида бирорта ҳуқуқбузарлик содир этилмаган;
- 141-моддаси (Транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш) – 2019 йилда 19 та, 2020 йилда 20 та, 2021 ва 2022 йилларда 1 тадан иш кўрилган, охирги икки йилда эса бирорта ҳуқуқбузарлик содир этилмаган;
- 151-модданинг 1-қисми (Рухсатсиз радиоузаткич шохобчаси ўрнатиш ва (ёки) ундан фойдаланиш, шунингдек абонентлик қурилмасини электр алоқа тармоқларига улаш);
- 156-моддаси (Автомат телефонларни шикастлантириш).
Шунингдек, айни бир қилмиш, яъни тамаки маҳсулотини белгиланмаган жойларда истеъмол қилиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддаларида назарда тутилган жавобгарлик алоҳида моддада (56/1-модда) акс эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Кодекснинг айрим моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларни кўришга жабрланувчининг аризаси бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бошқа моддаларига ҳам юқоридаги ўзгартириш ва қўшимчалардан ҳамда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастуридан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter