Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Айрим қурилиш маҳсулотларининг ҳалигача импорт қилинаётгани танқид қилинди

Айрим қурилиш маҳсулотларининг ҳалигача импорт қилинаётгани танқид қилинди

Бугунги йиғилишда давлат раҳбари кун тартибидаги асосий масала – қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг барча тармоқлари ривожланишига катта импульс берадиган соҳалардан бири эканлигини таъкидлади.

Масалан, Ўзбекистонда йилига 150 триллион сўмлик қурилишлар бўлаяпти. Бу маблағларнинг учдан бирини қурилиш материаллари ташкил этади.

Харажатларнинг қолган қисми электротехника, машинасозлик, тўқимачилик, кимё, металлни қайта ишлаш саноатлари, қурилиш техникалари, қуриш-пардозлаш, лойиҳалаш ва дизайнер хизматларига тўғри келади.

Содда қилиб айтганда, қурилиш – минглаб оддий ишчиларни банд қилишдан тортиб, лойиҳачи, архитектор, дизайнер, муҳандис-технолог каби юқори маош оладиган креатив саноат мутахассисларига талабни шакллантирадиган соҳа.

Йиғилишгача 400 га яқин ишлаб чиқарувчи, қурувчи ва лойиҳа ташкилотларининг фикри ўрганилди. Уларнинг кўпчилиги соҳадаги бюрократия ва ортиқча харажатлар, маҳсулотлар таннархи ва сифатига эътироз билдирган.

Тадбиркорларга тўғри шароит яратиб берилса, уларнинг ўзи шаффоф ишлашдан манфаатдор.

Тадбиркорлар рейтинги жорий қилингандан кейин, 11 мингта қурувчи ва ишлаб чиқарувчи қуйи ўриндан юқори ва ўрта ўринга кўтарилди.

Улардаги 90 мингта иш ўрни «соя»дан чиқди, ўртача ойлик 1,4 баробар ошди.

Лекин, соҳада «яширин иқтисодиёт» юқорилигича қолаётгани қайд этилди.

Сўнгги етти йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга тушди, 94 мингта доимий иш ўрни яратилди.

Ишлаб чиқариш 2 карра ўсди, йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар 150 тадан ошди.  Сўнгги беш йилда қурилишлар ҳажми ҳам 2 баравар кўпайди.

Шу билан бирга, 650 миллион долларлик янги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига қурилишдаги импорт улушини 31 фоиздан 25 фоизга туширишга эришилди. Қурилиш материаллари экспорт бозори ҳам 58 тага етди, хорижда 20 дан ортиқ савдо омборлари, 50 дан зиёд савдо дўконлари очилди.

Лекин, салоҳияти, маҳсулотига бозорда талаб юқори бўлган ушбу соҳа учун бу кўрсаткичлар камлиги кўрсатиб ўтилди.

Биргина қўшниларимизнинг ўзи бизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 2 миллиард долларлик қурилиш материалларини бошқа давлатлардан импорт қилаяпти.

Бизда ҳалигача лак-бўёқ, гулқоғоз, ПВХдан қувур ва фитинглар, пол қопламаси, пардозбоп тош, сантехника каби ишлаб чиқариш йўлга қўйилган товарлар импорт бўлмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг