Айрим турдаги ер участкалари акционда янги тартибда сотилади
Жорий йил 1 майдан бошлаб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотишни тезлаштириш ва улар негизида ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) объектларини ишга туширишни рағбатлантириш мақсадида уларни аукционда сотишнинг янги тартиби амалиётга татбиқ этилади.
Яъни, аукцион савдоларига чиқарилган ер участкалари (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уч ой давомида сотилмаганда, уларнинг бошланғич нархи 30 фоизгача, олти ой давомида сотилмаганда эса 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилади ва сотиб олиш тўловларининг 15 фоиз тўловларини уч ой муддатда, қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Бу борада Президентнинг «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида гап боради.
Қарор билан, шунингдек, ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 4 ва 5-тоифаларга киритилган туманларда жойлашган давлат активлари ҳамда мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолларда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича фоизларни ҳисоблаш тартиби бекор қилинади. Тўловларни эса, миқдоридан қатъи назар, 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш учун амалга ошириладиган дастлабки тўлов миқдори 35 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади.
Қолаверса, Ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган режага мувофиқ халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари бўйида жойлашган ер участкаларида замонавий сервис ва савдо-маиший объектларни барпо этиш учун мастер-режа асосида ер участкалари уларнинг тоифасидан қатъи назар аукцион савдоларига чиқарилади.
Давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан эса туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмайди, ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганида, харидорларга тўсиқсиз расмийлаштириб берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter