Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бекободнинг чегараолди қишлоқларида номаълум йиртқич пайдо бўлди (видео)

Бекободнинг чегараолди қишлоқларида номаълум йиртқич пайдо бўлди (видео)

Бекободнинг Тожикистон билан чегара қишлоқларида номаълум йиртқич аҳолининг қорамолларига ҳужум қиляпти. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бир ойдан буён 8 тага яқин қорамолни бўғизлаб кетган. Шунингдек, қўриқчи итларни ҳам турли даражада жароҳатлаб, уларнинг ўлимига сабаб бўлган.

– Бир ойдан буён такрорланяпти. Ҳар 3-4 кунда бир келади. Молларга тонгга яқин ҳужум қиляпти. Шу кунгача 8 тача қорамолни бўғизлаб кетди. Бир-иккита тирик қолганлари ҳам бор. Аммо эгалари жароҳатланган қорамолларини ҳар қанча муолажа қилишмасин, тузалиб кетишига умид йўқлигини айтишяпти, – дейди тумандаги «Қушчи» маҳалласида жойлашган 26-мактаб хўжалик мудири Ойбек Абдураҳимов.

Унинг билдиришича, номаълум йиртқич асосан, қорамолларнинг елка қисмидан тишлаб жароҳат етказяпти. Ажабланарлиси, нобуд бўлган ҳайвоннинг жароҳатидан ерга қон оқмаяпти. Маҳаллий аҳолининг тахминича, йиртқич молларнинг қонини ичиб кетаётган бўлиши мумкин.

– 15-20 нафар овчилар билан изига ҳам тушиб кўрдик. Тажрибали овчиларнинг айтишича, йиртқич итсимонлар оиласига мансуб, эҳтимол бўридир. Аммо шу кунгача унинг нималигини кўролмадик. Биз Тожикистон билан чегара ҳудудларга томон йиртқични қидириб кетганимизда Далварзин маҳалласига ҳужум қилибди, бир итни ўлдириб кетган.

Маҳаллий мутасадди ташкилотлар эътибор қаратишмаяпти. Ҳудудий экологларга мурожаат қилдик. Келишди, аммо улар ҳам тайинли гап айтишмади. Нобуд бўлган мол эгалари итлар еб қутуриш касаллигини юқтирмаслиги учун уларни кўмиб ташлашяпти, – дейди Ойбек Абдураҳимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг