Берлиндаги кўргазмада Ўзбекистон ҳам қатнашмоқда
Жорий йилнинг 20 январида Берлинда «Green week-2023» доирасида кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари стенди намойиш этилди.
Кўргазма иштирокчилари, жумладан Германия озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири Жем Ўздемир, Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский, Берлин мэри Франциска Гиффай ва бошқалар кўргазма бўйлаб саёҳатни айнан Ўзбекистон стендидан бошладилар.
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” стенди бўйлаб экскурсия давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалигида имкониятлари ва истиқболлари намойиш этилди.
Ташриф буюрувчиларга шу ернинг ўзида Ўзбекистоннинг сархил ва қуритилган меваларидан ҳамда миллий таомларидан татиб кўриб, баҳо беришга имкон яратилди. Таъкидлаш жоизки, 240 квадрат метр майдонга эга Ўзбекистон стендида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 60 дан ортиқ тадбиркорнинг миллий маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси Нидерландия, Канада, Грузия, Польша, Мўғулистон, Латвия ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлари билан қизғин учрашувлар ўтказди.
Шу билан бирга, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан юқори даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик, виночилик, ғалла ва ем-хашак экинларини етиштириш ва бошқа соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.
Голландия, Польша, Латвия ва Канада тадбиркорларининг Ўзбекистонга бизнес миссияларини ташкил этиш режалаштирилган.
Польша Бош вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиёти вазири Хенрик Ковальчик билан қишлоқ хўжалиги йўналишидаги тадбиркорлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уруғчилик, иссиқхоналар, рақамлаштириш соҳаларида тажриба алмашишни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Кўргазманинг биринчи куни якунлари бўйича Германия дўконларига сублимация усулида қуритилган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш, Германиянинг “Гирлос инжиниринг” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда музлатгичли омборхона қуриш, кооператив асосида мева ва сабзавотларни қайта ишлаш «Бухерс» компаниялари билан ҳамкорликда экспорт шартномалари имзоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter