Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир ойда 25 млрд сўмлик ноқонуний давлат харидлари аниқланди – Аксилкоррупция агентлиги

Бир ойда 25 млрд сўмлик ноқонуний давлат харидлари аниқланди – Аксилкоррупция агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2023 йилнинг феврал ойида олиб борилган ўрганишларда айрим вазирлик ва идораларнинг давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўяётгани аниқланди.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг феврал ойида вазирлик ва идоралар томонидан жами 4,35 трлн сўмлик 77 411 та давлат харидлари амалга оширилган.  

Жумладан, Агентлик томонидан 2023 йилнинг феврал ойида жами 25 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида буюртмачиларга 26 та тақдимнома, шунингдек, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Хусусан, «Uzbekistan Airports» АЖ буюртмачилигида 2023 йил 7 феврал куни 4,3 млрд сўмга жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддаси талабига зид равишда давлат харидлари жараёнида иштирокчиларга рақобатни чекловчи шартлар киритилганлиги аниқланган.

Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Хоразм ҳудудий филиали буюртмачилигидаги 2023 йил 10 феврал куни 2,6 млрд сўмга «Темир-бетон устун» харид қилиш бўйича ўтказилган давлат хариди ўрганилганда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 10,  14, 46-моддалари талаблари бузилганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигидаги 2023 йил 10 феврал куни 796 млн сўмга тиббий асбоб ускуналар сотиб олиш бўйича ўтказилган давлат харидида аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмаганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатларда харид комиссияси томонидан ўзаро аффилланган иштирокчилар харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатилмасдан Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддаси ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддаси талаблари бузилган.

Агентлик томонидан киритилган тақдимнома ва сўровномалар натижасида 12 та давлат хариди бекор қилинган ҳамда 7 та маъмурий иш қўзғатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг