Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бизда ундай талаба ўқимайди» – Москва университетининг Тошкент филиали муносабат билдирди

«Бизда ундай талаба ўқимайди» – Москва университетининг Тошкент филиали муносабат билдирди

Бир муддат олдин И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (МТУ) Тошкент шаҳридаги филиали талабасининг Meduza нашрига дарсларда Россия-Украина уруши ҳамда рус қўшинларига доир маълумотлар берилаётгани, уруш пропагандаси олиб борилаётгани ҳақидаги мурожаати эълон қилинган эди. 

Мазкур мурожаат юзасидан Филиал маъмурияти томонидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилгани айтилди.

ОТМ маъмуриятининг аниқлашича, мурожаатда номи тилга олинган шахс Филиал талабалари таркибида мавжуд эмас.

Шунингдек, мурожаатда келтирилган дарс жараёнларидаги «тарғибот ишлари» ҳақидаги маълумотлар асоссиз эканлиги, яъни улар ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланган.

«Филиалда таълим жараёни белгиланган ўқув режаси ва фанлар дастури асосида ташкил этилган», – дейилади хабарда.

Филиал маъмурияти, ўз навбатида, ОАВ билан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб, улардан «тасдиқланмаган, бир томонлама маълумотлар»ни тарқатмасликни сўрамоқда.

Маълумот учун, худди шундай ҳолат 2024 йил ноябрь ойида Россия Кинематография институти Тошкент филиали (ВГИК)да ҳам кузатилган.

«Gazeta.uz» нашрининг эътибор қаратишича, Facebook платформасида «Ўзбекистонда Украинага қарши тарғибот бошландими?» номли мурожаат эълон қилинган ва унда ВГИКнинг Илья Кожухарь исмли ўқитувчиси ишдан бўшатилиши ва ундан кейинги вазият билан боғлиқ жараён ҳақида сўз борган.

Унга кўра, Кожухарь ВГИКнинг Тошкент филиалида драматургиядан дарс берган. Талабалар унинг дарсларидан жуда мамнун бўлганини билдирган. Бироқ у Москвадаги ВГИК раҳбарияти буйруғи билан ишдан бўшатилганидан сўнг унинг ўрнига келган ўқитувчи уруш ташвиқоти билан шуғулланган. У «бутун дарс давомида украиналиклар гўё нацистлар экани» ҳақида гапирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг