Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бойсундаги газ конида яна техноген ҳолат юз берган: қурбонлар бор

Бойсундаги газ конида яна техноген ҳолат юз берган: қурбонлар бор

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида 17 сентябрь куни такроран водород сульфид гази сизиб чиқиши юз берди.

Бу ҳақдаги маълумот Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев томонидан тасдиқланган.

Бош прокуратура расмийсининг «Кунўз» нашрига тасдиқлашича, ҳодиса оқибатда 2 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар ҳам бор. 

– Ҳақиқатда Бойсундаги газ конида рўй берган нохуш ҳодиса оқибатида икки нафар шахс ҳалок бўлган. Воқеа жойига ҳолатни ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилояти прокурори чиққан. Ушбу ҳолат бўйича ҳозирда терговолди текширувлари амалга ошириляпти. Натижаси бўйича албатта ОАВларига маълумот берилади.

Бу техноген ҳолат бўлганлиги сабабли мутахассисларнинг хулосаларини талаб қилади. Қонуний қарор қабул қилишда ҳам мазкур хулосаларга таянилади, – дейди Ўктам Ўтаев.

«Газетаўз» нашри эса ўз манбаларига таяниб ҳодисада қурбон бўлганлар сони 4 нафар бўлиши мумкинлигини ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сулфид) гази сизиб чиқиши кузатилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг