Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ қарийб 14 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

ДХХ қарийб 14 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Биринчи ҳолат Андижон шаҳрида қайд этилган. Олтиариқ туманида яшовчи муқаддам судланган фуқаро қирғизистонлик наркокурерлардан 9 кг 57 г «гашиш» моддасини олиб, Фарғона шаҳрида сотишни режалаштирган вақт қўлга олинган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ички ишлар ва божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса Кўкдала туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1986 й.т. фуқаро бошқарувидаги «Cobalt» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилган.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 2 кг «опий» ва 550 гр. «гашиш» моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистон Республикасидан келтирилган ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтида Денов туманида яшовчи, 1994 й.т. шахс ҳам ушланган.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Учқўрғон туманида яшовчи, 1974 й.т. фуқарога тегишли дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Текширув натижада, Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган 1 кг 390 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум бўлишича, ушбу фуқаро 12 минг АҚШ долларига сотиб олинган наркотикни қайта сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

ДХХ Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1986 й.т. маҳаллий фуқаро 974 гр. «гашиш» моддасини 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, у ажал оғусини ҳамшаҳари, 1989 й.т. фуқародан олганлиги маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинган.

Таъкидлаш лозимки, ушбу наркотик модда Қирғиз Республикасидан олиб келинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг