Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди армияга чақирувлар электрон шаклда амалга оширилади

Энди армияга чақирувлар электрон шаклда амалга оширилади

Эндиликда фуқароларни мудофаа ишлари органларига чақирув – электрон шаклда амалга оширилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Нарзиев маълум қилди.

Бунда чақирилувчиларни ва ҳарбий хизматга мажбурларни туман, шаҳар мудофаа ишлари бўлимларига етиб келишлари юзасидан электрон хабардор қилиш – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланувчиларга электрон хабарнома юбориш йўли билан ўтказилади. 

Электрон чақирув хабарномаси my.gov.uz мобил иловасининг «Хабарлар» бўлимида акс эттирилади. Уни олган чақирилувчи туғилганлик гувоҳномаси, паспорт ва ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари билан белгиланган вақтда ҳудудий мудофаа бўлимига етиб келиши шарт.

Таъкидланишича, ҳозирда ушбу тизим тест режимида ишлаётгани сабабли, қоғоз шаклидаги чақирув қоғозлари ҳам амалда қолмоқда.

Шу билан бирга мудофаа вазирлигига контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш истагини билдирган фуқароларга ҳам қулайликлар яратиш, сунъий тўсиқлар, оворагарчиликлар ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг аризаларини ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш тизими жорий қилинган.

Бундан ташқари, мудофаа тизимида психологик саралаш синовлари ҳам рақамлаштирилган бўлиб, замонавий электрон тизим орқали ўтказилмоқда. Қоғоз ва трафарет усулларидан тўлиқ воз кечилган. Бунда номзод тест топширишни якунлаши билан натижаларни монитор орқали дарҳол кўриш имконига эга бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг