Энергетик ичимликларга алоҳида акциз солиғи солиш таклиф қилинди
Жорий йил 10 ноябр куни 2024 йил учун таклиф этилган Бюджетнома муҳокамасида иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2024 йил 1 апрелдан таркибида шакар мавжуд бўлган газланган ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи солиш таклифини берган эди.
Парламент Қуйи палатаси депутати Олтиной Мамированинг таъкидлашича, таклиф этилаётган акциз солиғи кутилган натижа бермайди.
Унинг таъкидича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир кунлик шакар истеъмоли ҳажми 12 ош қошиқдан ошмаслиги кераклигини айтади. Газланган ширин, жумладан, энергетик ичимликларнинг 330 миллиграмм ҳажмидаги таркибида эса 19 ош қошиқ шакар мавжуд.
«Бугунги кунда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида энергетик ичимликларга ружу қўйиш ортиб бормоқда.
Қонун лойиҳасига биноан бюджетномада 2024 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар бўлган 1 литр газланган ичимлик учун 500 сўм акциз солиғи жорий этиляпти. Ваҳоланки, бозордаги 200 миллиграмм ҳажмдаги энергетик ичимлигининг нархи 15 минг сўм. Қонун кучга кириши билан бу ичимликка 100 сўм атрофида қўшимча нарх қўйилади. Бу эса энергетик ичимликлар истеъмолини камайтиришга матив бўлмаслиги мумкин», – дейди депутат.
Мамированинг билдиришича, юқоридаги сабабларга кўра «Адолат» партияси фракцияси энергетик ичимликлар учун алоҳида акциз солиғи жорий қилишни таклиф қилмоқда.
«Адолат» социал-демократик партияси фракциясини энергетик ичимликлар учун алоҳида акциз солиғи жорий қилиш, яъни 1 литр энергетик ичимликлар учун 5 минг сўм аксиз солиғи белгилашни таклиф қилади», – дейди Олтиной Мамирова.
Ўз навбатида, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳам ушбу таклифга қўшилган ва депутатлардан маъқуллаб беришларини сўраган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter