Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг кўп мурожаат Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келиб тушган – Омбудсман

Энг кўп мурожаат Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келиб тушган – Омбудсман

2024 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га жами 23 422 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2 747 таси махсус қабулхоналар, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари, интизомий қисмлар, мажбурий даволаш муассасаларидаги шахслардан ва уларнинг вакилларидан юборилган.

Омбудсманга келиб тушган мурожаатларнинг 32 фоизи ижтимоий ҳуқуқлар, 29 фоизи иқтисодий ҳуқуқлар, 17 фоизи шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, 14 фоизи мурожаат этиш ҳуқуқи, 1,4 фоизи экологик ҳуқуқлар ҳамда 7,0 фоизи бошқа йўналишдаги мурожаатларни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида эса келиб тушган мурожаатларнинг энг кўпи Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Мурожаатлар таҳлили ҳамда мониторинг ташрифлари якунлари бўйича Парламент палаталарига – 9 та таҳлилий маълумот, Вазирлар Маҳкамасига – 5 та таҳлилий маълумот, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга тақдимнома, хулоса, даъво аризаси, талабнома шаклидаги – 182 та таъсир чоралари киритилган.

Фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижасида ўз фаолиятига масъулият билан ёндошмаган қатор давлат ташкилотлари ва идоралари ходимларининг 67 нафарига «хайфсан» берилди. 8 нафар масъулга жарима қўлланилди. 7 нафар масъул лавозимидан озод этилди. 2 нафар масъул хатти-ҳаракатлари баҳоланиб, маъмурий судга оширилди.

Ички ишлар органлари тизимидаги 29 нафар ходимга «хайфсан» берилди. 13 нафар ходимга интизомий чоралар қўлланилди. 6 нафари лавозимидан озод этилди

Омбудсманга юборилган мурожаатларни кўриб чиқилиши натижасида фуқаро манфаатида 14 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди. 23 та ҳолатда жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар бекор қилинди. 26 нафар масъул шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 2 та ҳолатда  фуқаро манфаатида жиноят иши тугатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг