Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқаролар ҳам ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда иштирок этиши мумкин

Фуқаролар ҳам ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда иштирок этиши мумкин

Ўзбекистон фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан ўтказиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш жараёнида иштирок этиши мумкин.

Бу ҳақда ЎРҚ–860-сонли тегишли қонунда белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказувчи субъектлар этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
  • Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқувчилари бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари;
  • тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қуйидаги ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказади:

  • ўз ташаббусига кўра – ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан ўрганиш ва текширишлар натижалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қўлланилиши чоғида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар факти аниқланган ҳолларда;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқларига кўра.

Адлия вазирлиги:

  • Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларининг;
  • вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказиладиган буйруқлари ҳамда қарорларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказишга ҳақли бўлиб, ушбу экспертиза доирасида коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга доир таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ва уларнинг лойиҳаларидаги коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар жумласига қуйидагилар киради:

  • нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлиги билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар;
  • ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар;
  • маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар;
  • назорат-текшириш фаолияти билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш бўйича экспертлар реестри Адлия вазирлиги томонидан юритилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси ўтказилиши чоғида уларга Адлия вазирлиги билан биргаликда услубий ёрдам кўрсатади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг