Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ФВВ аҳолини сел хавфидан огоҳлантирмоқда

ФВВ аҳолини сел хавфидан огоҳлантирмоқда

ФВВ республикада кузатилаётган ўзгарувчан об-ҳаво шароити сабабли аҳолини сел хавфидан огоҳлантирмоқда.

«Сел хавфи туфайли тоғли ва тоғолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, дам олиш масканларида дам олувчилар ва ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилар, шунингдек, чорва молларини боқувчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўраймиз», – дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, сел - катта миқдорда тоғ тошлари, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда тоғдан оқиб тушувчи сув оқими бўлиб, мунтазам жала қуйиши (85 фоиз ҳолатларда), тоғ қорларининг эриши (4 фоиз ҳолларида), тоғ сув ҳавзалари,  сув омборлари, музлаган сув ҳавзалари қирғоқларининг  ўпирилиб кетиши (1,3 фоиз ҳолларида) ва бошқа сабаблар (9,7 фоиз ҳолларда) олиб келиши мумкин.

Катта ҳажмга ва юқори тезликка эга бўлган сел оқими, йўлидаги барча биноларни, аҳоли яшайдиган уйларни, гидротехник иншоотларни бузиб, қишлоқ хўжалик экинларини, боғларни пайҳон қилади. Одамлар ва ҳайвонларни нобуд қилади.

Ўзбекистон Республикасидаги барча тоғ ва тоғ олди ҳудудлари сел хавфи бўлган зоналарга киритилган. Республиканинг Наманган (19 фоиз), Фарғона (14 фоиз), Сурхондарё (13 фоиз), Тошкент (12 фоиз), Самарканд (12 фоиз) ва Қашқадарё вилоятлари (12 фоиз) ҳудудлари сув тошқини-сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади.

Сел оқими вужудга келиши апрел ва май ойларига тўғри келади, бу даврда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кўп ёмғир ёғиши кузатилган.

Сел хавфи бўлганда аҳолининг ҳаракати бўйича тавсиялар: 

  • Сел хавфи бўлган   ҳудудларда  яшовчи   ҳар   бир   киши  унинг уйи, хўжалигини сел келиш ҳудудида жойлашганлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлиши керак ва Ўзгидромет, ФВВ/ФВБ, ҳокимиятлар вакиллари  томонидан берилган кўрсатмалардаги сел ва сув тошқинидан ҳимоя қилиш йўл-йўриқларига албатта амал қилиши лозим. 
  • Сел оқимининг ўтиши ва унинг оқибатлари катта моддий зарар келтириб, одамлар ҳаёт ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин (сел оқибатида одамларнинг қурбон бўлганлиги бир неча марта қайд қилинган).
  • Сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дарҳол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганлигини  (бир неча дақиқадан 10-20 дақиқагача бўлиши мумкин) доимо ёдда тутиш лозим.  
  • Сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баландроқ мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат вақт давом этиши мумкин.
  • Сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.

Сел оқибатларини камайтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар:

  • Доимо сел-сув тошқини рўй бериши эҳтимол бўлган ҳудудларда жойлашган уй-жойлар ва бошқа объектлар рўйхати аниқланиб турилади, аҳоли ва объектларни муҳофаза қилиш учун ўтказиладиган тадбирларнинг йўл-йўриқлари кўрсатилган тегишли тавсияномалар тарқатилади. 
  • Сел оқими хавфи бўлган жойларда ишлаб чиқариш муассасалари ва уй-жойларни ишончли муҳофаза иншоотлари бўлмаган ва Ўзгидромет билан келишилмаган ҳолда қуриш қатъиян ман этилади. 
  • Сел хавфи юзага келганда кузатув ва хабар бериш хизмати ташкил этилади. 

Қуйидаги агротехник тадбирлар амалга оширилади:

  • ёнбағирларда ерга кўндалангига ишлов бериш, тоғ ёнбағирларини поғона-поғона қилиш, тоғ адирларида сув йўллари очиш, ер ҳайдалиб экиладиган экинларни экишга йўл қўймаслик, емирилишга қарши тадбирларни амалга ошириш, дарё ўзанлари, тоғ адирларида ўрмончиликни ташкил этиш ва уларни сақлаш. 
  • Сел омборлари, селни ушлаб турувчи, селни бошқарувчи ва селга қарши гидротехник иншоот, селхоналарни қуриш ишлари амалга оширилади.

Гидрометеорологик ҳодисаларни кузатиш ва назорат қилиш:

  • Ўзгидромет ва унинг бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси хузуридаги сел-тошқин ва қор кўчкилари эҳтимоли мавжуд зоналарни аниқлаш, текшириш ва дала кузатишлар йўли билан амалга оширилади.
  • Кўп йиллик кузатишлар мобайнида Ўзбекистон ҳудудида сел тошиш эҳтимоли апрел-июн ойларида бир мунча фаоллашуви қайд этилган ва содир бўлган ҳодисалар қуйидагича тақсимланган: апрел ойида 30 фоиз, май ойида 36 фоиз, июн ойида 14 фоиз.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг