«Ҳа, лекин йўқ!» – Энергетика вазирлигидан ғалати муносабат
Бир муддат олдин Молия ва Энергетика вазирликлари Матбуот хизматлари 2025 йилга фойдаланишга топширилиши айтилган қуёш фотоэлектр станциялари ҳақида маълумот бериб, мазкур объектларни қуриш бўйича тендер якунлангани ва тендерда БАА, Хитой ва Франция компаниялари ғолиб деб топилгани ҳақида хабар тарқатган эди.
Энергетика вазирлиги бу ҳақдаги хабарни жойлаганидан 2,5 соат ўтиб, инвесторлар (тендерда ғолиб бўлган компаниялар)дан бирига нисбатан, гуёки ишончсизлик билдирмоқда. Бу эса қатор саволларни пайдо қилади.
Аввало, вазирликнинг «ажабтовур» муносабатини келтириб ўтсак.
Вазирликка кўра, Наманган вилоятидаги қуёш фотоэлектр станцияси учун берилган таклиф қайта кўриб чиқилади. Чунки, «Наманган вилоятида 150 МВт қувватли лойиҳа учун «GD Power – Powerchina» консорциуми (Хитой) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 4,828 АҚШ центи (тахминан 545 сўм)да етказиб бериш таклифи қиммат ҳисобланади».
Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги ушбу таклифни жуда қиммат деб ҳисоблаяпти ва ушбу лойиҳа бўйича тарифни оптималлаштириш юзасидан қўшимча музокаралар ўтказилишини маълум қилмоқда.
«Мазкур лойиҳани амалга оширишда электр энергияси тарифини камайтириш чоралари кўрилади», дея ваъда ҳам бермоқда вазирлик.
Ўз-ўзидан савол туғилади: 2,5 соат олдин тендерда ғолиб деб топаётганда вазирлик улар кўрсатаётган тарифнинг қимматлигини билмаганми? Билган бўлса, нега хитойлик инвесторга бу лойиҳани бермоқчи бўлишган? Вазирлик таклиф қилган тарифга инвестор кўнмаса-чи?
Тендер танловида ғолиб инвесторларни аниқлашга бағишланган маросимда эса Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мазкур лойиҳалар ҳақида тўхталиб, «бу мамлакатимизга аҳоли манфаатлари учун энергия манбалари нархларини пасайтириш»га хизмат қилишини таъкидлаган эди.
Хуллас, давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилиши айтилаётган мазкур лойиҳа атрофида жавобини кутаётган шундай қизиқ саволлар бор.
Қолган икки инвестор таклиф қилган тарифлар:
- «Masdar» компанияси (БАА) Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга лойиҳани қуриш ва унда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бир киловатт-соати учун 3,044 АҚШ центи (тахминан 345 сўм);
- «Voltalia» компанияси (Франция) компанияси Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга лойиҳа учун ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергияси учун 2,888 АҚШ центи (тахминан 325 сўм).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter