Ҳайдовчиларга «метан шохобча»лар ҳақида маълумот берадиган илова ишга туширилади
Ўзбекистон энергетика вазири газ қуйиш шохобчалари фаолиятини назорат қилиш учун мобил илова ишга туширилишини маълум қилди.
Вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг Youtube’даги «Лолазор» подкастида таъкидлаб ўтишича, гап автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) ишини ва уларда газ мавжудлигини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи мобил илова ҳақида бормоқда.
Вазир, шунингдек, қиш мавсуми одатда газга бўлган талабнинг кескин ошиши билан характерланиши, бу аксарият ҳолларда ёқилғи қуйиш шохобчаларида ресурс танқислиги ва навбатларни келтириб чиқариши, ушбу муаммоларга эса рақамли ечим жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
«Яқин келажакда фойдаланувчиларга қайси АЁҚШларда газ борлигини ва қайсиларида вақтинча йўқлигини реал вақт режимида кўришга ёрдам берадиган мобил иловани ишга туширамиз. Бу ечим одамларнинг ўз сафарларини олдиндан режалаштириши ва ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги кераксиз кутишлардан қочиши учун мўлжалланган», - деди Мирзамаҳмудов.
Унинг сўзларига кўра, тизим бутун мамлакат бўйлаб 1200 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчасини қамраб олади. Фойдаланувчилар нафақат газ мавжудлигини, балки у ёки бу ёқилғи қуйиш шохобчасига газ қачон келиши ҳақида ҳам маълумот олишлари мумкин бўлади. Бу, айниқса, қишнинг совуқ кунларида, яъни газга бўлган талаб ортиб, таъминотдаги узилишлар фуқароларга жиддий ноқулайликлар туғдираётган бир пайтда жуда муҳим.
Вазирнинг айтишича, илова маҳаллий IT-компаниялар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда ва яқин орада юклаб олиш учун тайёр бўлади. Лойиҳанинг асосий жиҳатларидан бири унинг барча иштирокчилар учун бепуллигидир. Ёқилғи қуйиш шохобчалари ўз объектларининг ишлаши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб, ихтиёрий равишда тизимга уланишлари мумкин.
«Станциялар тизимга бепул уланишлари мумкин, бу жараённи барча учун максимал даражада қулай қилади. Биз уланишни мажбурламаймиз, лекин ишонамизки, ушбу илова АЁҚШ ва мижозлар ўртасидаги хизмат кўрсатиш ва ўзаро муносабатлар даражасини сезиларли даражада яхшилайди», – дея қўшимча қилади Мирзамаҳмудов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter