Ҳисоб палатасига қўшимча ваколатлар бериляпти
Сенатнинг 42-ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг фаолиятини такомиллаштирилишга доир Қонун кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда таъкидланишича, бугунги кунда Ҳисоб палатаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, амалга ошириладиган назорат тадбирларининг мақсадлари ва тартибини белгилаш, шунингдек давлат харидлари соҳасидаги қонунлар ижроси устидан назоратни амалга оширишда Ҳисоб палатасининг вазифаларини аниқлаштириш зарурати долзарб аҳамият касб этяпти.
Шу муносабат билан, ушбу Қонунда Ҳисоб палатасига оз миқдорда талон-торож қилинганлиги ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги, Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларига эса оз миқдорда талон-торож қилинганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ваколатларини бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Ҳисоб палатасининг ўз иш режалари, молиявий ҳуқуқбузарликлар ва уларни бартараф этиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни ўзининг веб-сайтига жойлаштиришга ҳамда жамоатчиликни ўз фаолияти ҳақида ҳар чоракда хабардор қилиб боришга доир мажбуриятларини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган назоратнинг шакллари ва турлари кенгайтирилиб, тафтиш, текшириш ва ўрганишга оид назорат тадбирларининг фарқли томонлари очиб берилган ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter