Ислом цивилизацияси маркази халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU ҳамкорлигида «Ўзбекистон маданий мероси — бутун инсоният бойлиги. Янги Ўзбекистоннинг халқаро лойиҳалари тақдимоти» мавзусида анжуман ўтказилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг экспозициясини бойитиш, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ҳамкорларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу анжуманда юртимиздаги ҳамда хориждаги элчихоналар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Анжуман аввалида иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси ва ундаги лойиҳалар билан танишишди.
Сўнг қатнашчиларга Марказ қурилиши жараёнлари ва унинг фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ислом дунёсидаги улуғвор мегалойиҳа экспозицияларини бойитиш ва бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш жараёнларига тўхталиб, Марказ экспозицияларида ўрин оладиган хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликдаги 800 га яқин лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди. Мазкур лойиҳаларнинг 430 таси айнан хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилмоқда.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан 8 йил аввал Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғоясини БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида маълум қилган ва жаҳон ҳамжамиятини маърифат йўли билан жаҳолатга қарши курашишга даъват этган эди. Ана шу даъватнинг амалий ифодаси сифатида 2018 йилда дунёда ўхшаши йўқ мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш учун тамал тоши қўйилган.
Ташкил этилган анжуманда жорий йил 29 январда Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига навбатдаги ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида келгусидаги режалар ва мақсадлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Анжумандан сўнг, юртимиздаги ҳамда хориждаги элчихоналар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди.
Италиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Пьергабриеле Пападиа де Боттини ўзбек халқи ушбу марказ билан фахрланишини ҳақида гапираркан, жумладан шундай деди:
– Ислом цивилизацияси маркази менда жуда катта таассурот қолдирди. Бу ҳақиқатан ҳам улкан лойиҳа. Менимча, бутун ўзбек халқи ушбу марказ билан фахрланиши лозим. Мен ҳам ушбу лойиҳада ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланаман. Шунингдек, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган бу буюк мамлакат тарихи мени доим ҳайратда қолдиради. Биз шарқ олимларидан бири бўлган Ибн Синони яхши биламиз ва шу каби олимлар юрти билан ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз. Италиянинг энг қадимги Болонья университети кутубхонаси ўзбек олимлари учун бир миллиондан ортиқ китобдан фойдаланиш имкониятини тақдим этади.
Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илҳам Туаҳ бин Иллиас Малайзия ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиши жуда муҳимлиги қайд этди:
– Малайзия ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиши жуда муҳим. Айниқса, 4-5 феврал кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Куала-Лумпурга ташриф буюрганидан кейин бу йўналишда янги имкониятлар очилди. Давлатингиз раҳбари ислом ҳақида дунё тасаввурини қайта шакллантириш бўйича узоқни кўра оладиган қарашларга эга. Айниқса, дунёнинг айрим қисмларида ислом нотўғри талқин қилинаётганини ҳисобга олсак, бу жуда муҳим ташаббусдир.
Биз исломнинг илм-фан, маданият ва тараққиётга қўшган ҳиссасини намойиш этишимиз лозим. Ахир Ўзбекистон тиббиёт, астрономия, математика ва илм-фаннинг бошқа соҳалари бешиги ҳам бўлиб келган.
Бу жуда илҳомлантирувчи ҳолат. Малайзия бу йил ушбу Марказда Ўзбекистон маданий меросига оид нодир ва ноёб дурдоналарни намойиш этишни режалаштирмоқда.
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев лойиҳанинг ғояси буюклиги ҳақида гапирди:
– Бу ерда кўрганларим тасаввур қилганимдан ҳам ортиқ экан. Аввало, бинонинг ўзи ниҳоятда улуғвор ва маҳобатли. Бу эса бунёд этилаётган лойиҳанинг ғояси буюклигидан далолат беради.
Амир Темур давридан бошлаб унинг саройида бизнинг илоҳиётшуносларимиз, олимларимиз, адибларимиз, файласуфларимиз фаолият юритган. Шу боис, Озарбайжоннинг Ўзбекистон билан алоқасини алоҳида таъкидламасликнинг иложи йўқ.
Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский архитектураси ва маҳобатидан ҳайратланганини айтди:
– Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун жуда улкан тажриба бўлди. Менга бинонинг архитектураси жуда ёқди. Бу ҳақиқатан ҳам гўзал иморат экан. Тўғри, ҳали қурилиш ишлари тугалланмаган, аммо менинг кўрганларим бинонинг маҳобатидан дарак бериб турибди. Энг моҳир усталар меҳнат қилишаётганлиги яққол сезилиб турибди.
Экспозициянинг ўзи ҳам жуда қизиқарли экан. Ёшлар ҳам, катталар ҳам дунё ислом цивилизацияси ҳақида кўп маълумот олишлари мумкин. Шу боис, бу жуда яхши ташаббус деб ҳисоблайман.
Бундай марказнинг мавжудлиги Ўзбекистоннинг ўзига хослигини намоён этишда жуда муҳим. Мен буни олдин ҳам таъкидлаганман. Менимча, одамлар ўз маданияти, тарихи, дини ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиши жуда фойдали.
Ватиканнинг Ўзбекистондаги вакили, епископ Ежи Мацулевич Ислом цивилизацияси маркази ҳақида гапирар экан, унинг илмий-маданий лойиҳа сифатидаги ўрнини юқори баҳолади:
– Ислом цивилизацияси марказига биринчи бор келишим эмас. Ҳар келганимда илиқ таассуротлар билан бу ерни тарк этаман.
Энг аввало, таъкидлаш керакки, бу марказ ёшларга ва бошқаларга Ўзбекистон тарихини, ислом тарихини, шунингдек, исломдан аввал мавжуд бўлган динларни ҳам яхшилаб ўрганишга ёрдам бериш учун ташкил этилган.
Бу ерда ҳар сафар янги нарсаларни кўриб ҳайратланаман, марказ қай даражада ривожланаётгани ва бу бино тобора гўзаллашиб бораётгани ҳақида гапираман. Ташриф буюрувчилар бу ердаги барча экспозициялар билан яқиндан танишишлари учун доимо янги ғоялар яратилаётганига гувоҳ бўламан.
Анжуман қатнашчиси, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода дунё цивилизациясида Ўзбекистоннинг беқиёс ўрни ҳақида тўхталди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёевга шундай улуғвор марказ барпо этилаётгани учун чуқур миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Қурилиш бошланганида кўрган эдик, аммо бугун кўрганларимиз ўхшаши йўқ мегалойиҳа. Бу ерда биз фан, таълим, адабиёт ва маданият ривожланишига ҳақиқатан ҳам улкан ҳисса қўшган Ўзбекистоннинг етакчи илм-фан, маърифат намояндалари ҳамда атоқли олимларининг илмий мероси билан танишдик.
VIII-XIII асрларда халқларимиз математика, алгебра, астрономия, тарих, айниқса дин соҳасида бебаҳо асарлар яратдилар. Имом Бухорий битган китоблар ва ҳадислар алоҳида аҳамиятга эга. Бугунда барча ислом мамлакатлари бу ҳадислардан фойдаланиб келади, чунки улар ишончли ва ҳақиқатга тўла мос келади. Ҳақиқатан ҳам, бугун бутун ислом дунёси фойдаланаётган бу тарихий манбалар Х-XIII асрларда Ўзбекистон ҳақиқий цивилизация маркази бўлганини тасдиқлайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг доно сиёсати туфайли Учинчи Ренессанс даври аллақачон бошланиб улгурди. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Янги Ўзбекистон ҳар томонлама тараққий этмоқда. Биз унинг илм-фан соҳасидаги юксалишини яққол кўриб турибмиз.
Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Фаруқ анжуман давомида ўзининг Марказ ҳақидаги фикрлари билан бўлишиб, келгусида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирди:
– Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш жуда ноёб ва ёқимли тажриба бўлди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилаётган ушбу марказ маданият, илм-фан ва тарихни ўзида мужассам этадиган платформа сифатида муҳим аҳамият касб этади.
У нафақат Ўзбекистон, балки бизнинг тарихимиз учун ҳам умумий бўлган ислом маданияти тарихи ва олимларини бирлаштиради. Айтишим мумкинки, улар бутун инсоният тараққиётига, биз эришган кўплаб илмий ютуқларга ҳисса қўшган. Биз учун жуда қадрли бўлган Усмон Қуръони қўлёзмаси билан танишдик. Ислом дунёси учун жуда муҳим бўлган ушбу Қуръон Марказ биносига жойлаштирилади.
Покистонда ҳам жуда кўп қадимий маълумотларга бой музейлар мавжуд. Умид қиламанки, биз келгусида муҳим ҳамкорлик лойиҳаларини биргаликда амалга оширамиз.
Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улуташ Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташқи фасадидан бошлаб, ичкаридаги муҳитигача уфуриб турган улуғворликка тўхталаркан, шундай деди:
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳар томонлама муҳташам, ӯзбек меъморчилигининг замонавий кӯринишини ўзида акс эттирган, жудаям ҳаяжонга соладиган бино. Ташқи фасадидан бошлаб, ичкаридаги муҳити ҳам инсонни жумбушга келтиради. Лекин энг муҳими, бу ердаги қимматли асарлар, анъанавий ва замонавий ёндашувлар, ӯзбек санъатини акс эттирган ишлар чин маънода ташриф буюрган инсонни ҳаяжонга солади. Меҳнати сингган барчага ӯз раҳматимни айтаман. Аслида бу каби бинолар ислом оламида сон жиҳатидан кӯпайиши керак. Бунга ӯхшаш бинолар бор, лекин Ислом цивилизацияси марказининг Ӯзбекистонда очилишини оқилона фикр, деб биламан. Зеро, киришдаги бутун олимларнинг суратлари акс эттирилган бӯлимда миямга илк келган фикр бизнинг Туркистон маданияти деб шу пайтгача ӯқиб, кӯрганларимиз бу жуғрофияга оид эканлиги бўлди. Ишончим комилки, одамлар бу даргоҳдан нафақат ислом тарихи, шу билан бирга Турон-Туркистон тарихи ҳақида ҳам зарур маълумотлар олиш имкониятига эга бўлишади.
Ҳозир Туркия ва Ӯзбекистон орасида ҳамкорликлар барча соҳада кӯзга ташланади. Бугунги кундаги маданият, санъат ва тарих соҳаларидаги ҳамкорликларимиз мисли кӯрилмаган воқеалардан бӯлмоқда. Сулаймония кутубхонаси, ИРСИКА ташкилотининг ҳамкорлиги юқори босқичга чиққан ва бу ташкилотлар Марказда ҳам ўз офисларини очишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Туркиядаги Турк ва ислом санъати музейини ҳам жуда жиддий ҳамкорлиги бор. Албатта бу каби ҳамкорликларни давом эттирамиз. Муҳими, бу ердан ӯрин олган ҳар бир асар, маданиятни кӯриб ҳар бир турк фахрланади ва ӯзини ӯз уйидагидек ҳис этади.
Анжуман якунида қатнашчилар билан халқаро ҳамкорлик истиқболлари ва ҳамкорлик дастурларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter