Журналистик фаолиятга тўсқинлик жавобгарликка сабаб бўлиши Конституцияда белгилаб қўйилмоқда
Жорий йил 29 сентябр куни бўлиб ўтган Конституциявий комиссия Матбуот хизмати томонидан ташкил этилган конституциявий ислоҳотларнинг бориши юзасидан навбатдаги брифингда Конституциянинг Оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистик фаолиятга оид 67-моддаси тўлдирилаётгани маълум қилинди.
Қайд этилишича, Конституциявий қонун лойиҳасининг 67-моддасида «Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир», деган янги нормани қўшимча тарзда киритиш кўзда тутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги Конституциянинг 67-моддасига кўра, «оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди».
Брифингда, шунингдек, қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан у депутатлар муҳокамасига киритилиши, халқ вакилларининг фикрлари эътиборга олинган ҳолда кейинчалик тайёр бўладиган Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилиши маълум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter