Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституция: фуқаролар Давлат бюджети шакллантирилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боради

Конституция: фуқаролар Давлат бюджети шакллантирилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боради

Ўзбекистонда сўнгги йилларга қадар давлат бюджети очиқлиги ва унинг устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳақида гап-сўз бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бюджет очиқлигини таъминлашга қаратилган қатор амалий ишлар қилинди, бу борадаги муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Фуқаролар нафақат давлат бюджети устидан назорат ўрнатмоқда, балки маблағларни сарфлашда ҳам иштирок этмоқда.

Кўпчилик одамларда давлат ёки маҳаллий бюджетлар қандай шаклланиши ҳақида умумий тасаввур ҳам йўқ. «Давлатнинг пули» деб аталадиган ушбу маблағлар аслида халқнинг ўзи тўлаган солиқлар эвазига йиғилган пуллардир. Табиийки, халқ ўз пули қандай ва қаерга сарфланаётгани устидан назорат қилишга ҳаққи бор. Киритилаётган модда айнан мана шу ҳуқуқни кафолатлайди.  

Ҳеч кимга сир эмас, маҳаллада мавжуд бўлган муаммоларни ҳал этиш бўйича айрим мурожаатларга тегишли мансабдор шахслар томонидан «режага киритилди, молиялаштириш бўлса бажарамиз» деган жавоблар берилиши ҳеч кимга сир эмас. Ушбу жавобларни олган фуқаролар маҳалладаги муаммоларни ечимини йиллаб кутиб турарди.

Шундай ҳолатларни кескин равишда олдини олиш мақсадида янги таҳрирдаги Конституциямизга бюджетга оид алоҳида янги модда киритилмоқда.

Янгиланаётган Конституцияга Давлат бюджети ва унинг шаффофлиги хусусида тегишли модда ҳам киритилаётган бўлиб, ушбу модда одамлар бюджет қандай шаклланиши, қандай сарфланиши устидан назорат ўрната олишларига хизмат қилади.

148-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан иборатдир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади.

Энг аввало, давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Хусусан, Давлат бюджетига оид ахборотларни жойлаштиришни назарда тутувчи «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди.

Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид нормалар ҳам киритилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ҳам пайдо бўлди. Яъни ташаббусли бюджет — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти жорий этилди.

Ушбу амалиёт орқали аҳоли ўзини қийнаётган муаммолар, шу жумладан маҳалладаги муаммолар (йўллар, болалар майдончалар ва ҳ.к.) бюджетга киритиш ва уларни тезлик билан ҳал қилиш имкон яратилди.

2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокининг туман ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган механизм жорий этилди.

Бироқ бу борадаги ишлар тизимли давом этиши учун Конституцияга айнан шундай алоҳида модда киритиш эҳтиёжи мавжуд эди.

Янги Конституцияда белгиланаётган нормалар юқорида қайд этилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида давлат бюджетини шакллантириш, уни даромад ва харажат қисмларини белгилаш, ижросини таъминлашда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларга бу жараёнда кенг ва фаол қатнашиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатлар яратади.

Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиришлар давлат бюджетини шакллантириш, уни даромад ва харажат қисмларини белгилаш, ижросини таъминлашда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларга бу жараёнда кенг ва фаол қатнашиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатлар яратишга имкон беради.

Энг асосийси, ушбу модда орқали бюджет маблағлари талон-тарож қилиш, маблағларни ўринсиз ёки бесамара фойдаланилишининг олди олинади.

Давлат бюджетидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига зарур ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик ва умуман, давлат ва жамиятни ҳаётининг бошқа барча соҳаларида самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг