Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коррупцион жиноятларда қайси вилоятлар етакчи экани айтилди

Коррупцион жиноятларда қайси вилоятлар етакчи экани айтилди

2023 йилда республика бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари таҳлили коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келганини, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ортганини кўрсатган.

Бу ҳақда Сенатнинг навбатдаги мажлисида ўқиб эшиттирилган коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги учинчи миллий маърузада айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ходимлари ҳисобланади.

Шунингдек, ички назорат тузилмалар фаолиятини ташкил этишда айрим давлат идоралари томонидан камчиликларга йўл қўйилган.

Жумладан, ички назорат тизими жорий этилган давлат идораларининг 37 тасида ташкил этилган 996 та штат бирлигидан 172 таси (17,2 фоиз) вакант бўлса, 6 та ташкилотнинг 35 нафар ходимига қўшимча вазифалар юкланган.

Шу билан бирга, 20 та давлат ташкилотида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, 13 тасида ички назорат тизими самарали фаолият кўрсатмаяпти.

Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги обектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида атиги 5 та штат бирлигидан иборат (вазирлик марказий аппаратида) ички назорат тузилмаси ташкил этилган.

Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг