Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мажбурий автосуғурта тарифларини ошириш режалаштириляпти

Мажбурий автосуғурта тарифларини ошириш режалаштириляпти

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 2019 йилда тасдиқланган суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълум қилди.

«Суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқишга бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда.

Сўнги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонларини ўз вақтида тўланмаётганлиги ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётганлиги бўйича транспорт воситалари эгаларининг мурожаатлари сони ортиб бормоқда», – дейилади Агентлик изоҳида.

Қайд этилишича, 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмагани сабабли турли хил йўллар билан тўловлар кечиктириб келиняпти.

Агентликнинг маълумотига кўра, 2023 йилда Тошкент шахрида зарарлилик даражаси 146 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 млн сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолган.

«Жаҳон банки статистикасига асосан, Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси охирги 5 йил давомида 160 фоизга ошган, бундан ташқари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўсиши 265 фоизни ташкил этган, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоиз ўсиш динамикасини кўрсатган.

Шу билан бир қаторда, республикамизда белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлар билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади», – дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур муаммони ечими сифатида асосли ҳисоб-китоблар натижасида, яъни транспорт воситалари эгалари ва суғурта ташкилотлари учун мақбул суғурта тарифлари ва суғурта суммасини белгилаш режалаштирилмоқда.

Агентлик аҳолидан бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларини Napp_connect_bot Телеграм-ботига юборишни сўрамоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг