Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Малайзия авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни режалаштиряпти

Малайзия авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни режалаштиряпти

Туризм қўмитасида «AirAsia X» авиакомпанияси раиси Датук Камаруддин Меранун ва компания директори Бенямин Исмоил бошчилигидаги Малайзия делегацияси билан музокаралар ўтказилди. Учрашув икки мамлакат ўртасидаги туризм салоҳиятини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Томонлар жорий йилнинг октябр ойидан бошлаб ҳафтасига уч марта амалга оширилиши мўлжалланган Куала-Лумпур - Тошкент - Куала-Лумпур йўналиши бўйича мунтазам парвозларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ҳамкорликни кенгайтириш ва учинчи мамлакатларга боғловчи парвозларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув қатнашчилари Малайзиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хусусан «Умра+» дастури доирасида зиёрат туризмини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Муҳокамада Ўзбекистон туроператорлари вакиллари ҳам иштирок этди.

Малайзия томони таъкидлаганидек, Ўзбекистон ўзининг тарихий мероси ва диний анъаналари туфайли малайзиялик сайёҳлар орасида тобора кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Аҳолисининг аксарияти мусулмонлардан иборат бўлган Малайзия Ўзбекистонни нафақат маданий йўналиш, балки зиёрат маршрутларининг муҳим қисми сифатида ҳам кўрмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг