Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Малайзия компанияси Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқариши мумкин

Малайзия компанияси Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқариши мумкин

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Малайзиянинг робототехника ечимлари бўйича етакчи компанияси бўлган «Meraque Group» билан стратегик ҳамкорликка доир англашув меморандумини имзолади.

Ушбу ҳамкорлик иккала ташкилот учун муҳим босқич бўлиб, қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳасида инновациялар, ҳамкорлик ва ўсишни ривожлантиришга бўлган ўзаро мажбуриятларини ифодалайди.

Ўзбекистон кенг қишлоқ хўжалиги ерларига эга бўлиб, қарийб 4,3 миллион гектар ер деҳқончиликка, жумладан, бир миллион гектар пахта ва яна бир миллион гектар бошқа турли экинларга мўлжалланган.

Қайд этилишича, «Meraque» компанияси бозорнинг улкан салоҳиятини тан олган ҳолда, ушбу ҳамкорликни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторида инқилоб қилиш учун дрон технологиялари ва роботли ечимлар бўйича ўз тажрибасини кенгайтириш имконияти сифатида кўрмоқда.

Келгуси уч йил ичида компания Ўзбекистонда илғор ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун 20 миллион Малайзия ринггити (тахминан 4,78 млн АҚШ доллари) миқдорида сармоя киритмоқчи. Ушбу ташаббус 1000 та янги иш ўринларини яратиши ва 100 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиши керак.

Компания, шунингдек, минтақа бўйлаб қишлоқ хўжалиги технологиясини янада ривожлантириш учун 30 миллион Малайзия ринггити (тахминан 7,12 млн АҚШ доллари)  миқдорида потенциал инвестицияни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Ушбу ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири «Meraque» компанияси қишлоқ хўжалиги учун дронлар экотизимини яратиш сиёсатини ишлаб чиқиши бўлади. Бу эса Ўзбекистондаги 100 мингта фермернинг самарадорлик ва барқарорлигини оширишига умид қилиняпти.

Малайзия компанияси шунингдек, дрон операцияларини қўллаб-қувватлаш учун ўқув дастурлари орқали ўқитиш ва билим алмашишга эътибор қаратади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг