Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Малайзияликлар Самарқандда тиббий асбоб-ускуналарни таъмирловчи мутахассисларни тайёрлайди

Малайзияликлар Самарқандда тиббий асбоб-ускуналарни таъмирловчи мутахассисларни тайёрлайди

Малайзиянинг Куала-Лумпур университети таркибига кирувчи Британия–Малайзия институти (Universiti Kuala Lumpur British Malaysia Institute – UniKL BMI) билан Самарқанд вилояти Тиббиёт техникуми негизида тиббий ускуна ва жиҳозларни таъмирлаш бўйича муҳандис мутахассислар тайёрлайдиган қўшма таълим дастури очилади.

Бу борада Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоевнинг UniKL BMI раҳбарияти билан учрашувида келишувга эришилган.

Малайзия томонининг таъкидлашича, UniKL BMI институти электротехника, электроника, телекоммуникация ва тиббиёт электроникаси соҳаларида ҳар йили 400 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлайди. Талабалар учун таълим жараёни бевосита амалиёт билан бирга олиб борилишига алоҳида урғу берилди. 2023 йилда мазкур ўқув даргоҳини тамомлаган талабаларнинг 97 фоизи иш билан таъминланган.

Ўзбекистоннинг юзлаб хусусий ва давлат шифохоналарида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган тиббий ускуналарни таъмирлаш бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга бўлган талаб институт ходимларида ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, томонлар келажакда ушбу қўшма таълим дастурида таҳсил оладиган талабалар Малайзиянинг «Al Global Corporation Sdn Bhd» ва Самарқанд вилоятининг «Neyro Med Diagnostik Centre» МЧЖ ўртасида тиббий ускуна ва жиҳозларни таъмирлаш бўйича ташкил этилаётган қўшма корхонада амалиёт ўташ тажрибасини йўлга қўйиш мумкинлиги тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар.

Куала-Лумпур университети 2002 йилда «MARA» (Majlis Amanah Rakyat) давлат муассасаси томонидан ташкил этилган бўлиб, Малайзияда муҳандислик технологияси соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган етакчи олий ўқув юрти ҳисобланади. Университетнинг 13 та турли йўналишдаги институтларида 24 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг