Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мамаризо Нурмуродов: «Пулни алмаштириш билан валютамиз қадри ошиб қолмайди»

Мамаризо Нурмуродов: «Пулни алмаштириш билан валютамиз қадри ошиб қолмайди»

Бугун, 26 октябрь куни Марказий банкда матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда МБ раиси Мамаризо Нурмуродов ҳамда қатор расмийлар иштирок этишди.

Берилган маълумотларга кўра, базавий инфляция йил бошидан пасайиб сентябрда 10,3 фоизни ташкил қилган. Аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари август ойидаги ўсишдан сўнг мос равишда 13,5 ва 14,2 фоизгача пасайган. Марказий банкка кўра, глобал инфляцион жараёнларнинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Асосий савдо ҳамкорлардаги инфляция даражаси ва алмашув курсларининг жорий динамикасидаги вазият сўмнинг реал самарали алмашув курсини мустаҳкамланишига босимларни кучайтирмоқда.

Иқтисодиётнинг реал секторида ижобий тенденциялар кузатилиб, жорий йилнинг 9 ой якунига кўра, ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган. Иқтисодиётда ялпи талабнинг ижобий ўсиш динамикаси давом этмоқда, бу кўрсатилаётган бозор хизматлари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан пул тушумлари ҳажмининг 28 фоизга ўсишида намоён бўлган.

Шу билан бирга, трансчегаравий пул ўтказмалари юқори база эффекти ҳисобига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,7 фоизга қисқарган бўлса-да, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсган.

Банклараро пул бозоридаги фаолликда ҳам ўсиш кузатилиб, ўртача тортилган банклараро депозит ва репо ставкалари тўлиқ фоиз коридорида шаклланган.

Ижобий реал фоиз ставкалари депозит бозорининг чакана сегментида юқори фаолликни таъминламоқда. Сентябр ойида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,1 фоизни ташкил этиб, 1 октябр ҳолатига муддатли депозитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 47,1 фоизни, жумладан, жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари ўсиши 52,3 фоизни ташкил этган.

«Сўмнинг қадрсизланиб боравериши ортидан пулни алмаштириш масаласи кўриб чиқилмаяптими?» деган саволга Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов шундай жавоб берди:

– Аввало бир маълумотни эслатиб ўтсам – йил бошидан бери доллар қийматининг ўсиши 8,3 фоизни ташкил қилгани ҳолда инфляция бу даврда 9,2 фоизни ташкил қилди. Яъни доллар курси ўсиши инфляциядан паст. Энг муҳими, биз бир нарсани билиб олишимиз керак, пулни алмаштириш, ундаги нолларни олиб ташлаш билан валюта қадрли бўлиб қолмайди. Бунга эришиш учун бошқа омиллар керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг