Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий вокзалдаги аксар поездлар қатнови Жанубий вокзалга кўчирилди

Марказий вокзалдаги аксар поездлар қатнови Жанубий вокзалга кўчирилди

Жорий йилнинг 15 сентябрдан 15 октябргача «Тўқимачи» ҳамда «Тошкент-йўловчи» темир йўл бекатлари оралиғидаги темир йўлда техник таъмирлаш  ишлари олиб борилиши муносабати билан «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидан ҳаракатланиб келаётган аксарият поездлар қатнови «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалидан амалга оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллар» АЖ Ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, «Олмаота – Тошкент – Олмаота», «Тошкент – Новосибирск – Тошкент», «Тошкент – Самара – Тошкент» йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда «Тошкент – Хожикент – Тошкент» шаҳарлараро поездларидан ташқари, бугунги кунда «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидан қатновини амалга ошириб келаётган барча йўловчи поездлар, жорий йил 15 сентябрдан 15 октябргача «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалдан ўз ҳаракатини бошлайди.

Бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари, «Шарқ» (Тошкент – Бухоро – Тошкент), «Насаф» (Тошкент – Қарши – Тошкент), «Ўзбекистон» (Тошкент – Андижон – Тошкент), ҳамда халқаро йўналишлардаги «Тошкент – Волгоград – Тошкент», «Душанбе – Тошкент – Душанбе» йўловчи поездлари «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзал ҳудудидан рейсларини  амалга оширади.

Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Тошкент-Марказий»  ҳамда «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалларидаги барча чиптахоналар туну кун фаолият кўрсатади. Бундан ташқари чипталарни электрон тарзда ҳам харид қилиш мумкин.

«Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалдаги кутиш заллари, вокзалга киришда 3 та бир босқичли назорат ўтиш пункти доимий равишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Шунингдек, бир ой мобайнида «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган, ёки янглишиб «Тошкент-Шимолий» вокзалга келиб қолган йўловчиларни «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалига олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар қатновлари йўлга қўйилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг