Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев: «гепатит С» касаллигини тўлиқ давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўямиз

Мирзиёев: «гепатит С» касаллигини тўлиқ давлат ҳисобидан даволашни йўлга қўямиз

ЎзЛиДеПнинг навбатдаги қурултойида келгуси президентлик сайловига ўз номзодини қўйган Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳаси учун мўлжалланган режалари билан ҳам бўлишди.

Жумладан, беморларнинг гемодиализ, онко-гематология ёрдамидан фойдаланиши, эшитиш қобилияти заиф, юрак нуқсони ва ирсий касаллиги бор минглаб болаларга ўз вақтида махсус тиббий ёрдам кўрсатиш кабилар учун замонавий шифохоналар ҳам, малакали мутахассислар ва даволаш учун маблағ ҳам етарли экани таъкидланди.

«Лекин, аҳолимизни тиббиёт тизимидан рози қилиш учун, ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак.

Юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга соламиз», – дейди Президент.

Шунингдек, бунинг учун, 2030 йилга қадар:

– оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш;

– онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса, 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа бўлиши таъкидланди.

Бунда 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар д́иабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олинади. «Гепатит С» касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади. «Туберкулёз» билан касалланиш даражасини юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтиришга эришилади (2016 йилда 43 нафар бўлган).

«Шу билан бирга, келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади.

Бу орқали, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатлари бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал бўлади», – дейди Мирзиёев.

Бундан ташқари, онкологик беморлар учун Ўзбекистонда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилиши айтилди.

Таъкидланишича, бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.

Соғлиқни сақлаш тизими эса тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади. 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 карра оширилиб, 6 миллиард долларга етказилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг