Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири ўринбосарини қабул қилди

Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири ўринбосарини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Чху Гён Хо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Унда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш масалаларига тўхталди.

Жумладан, кейинги йилларда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ошиб бораётгани, ўтган йилда товар айирбошлаш 24 фоизга кўпайгани, айни пайтда Ўзбекистонда қарийб 1 мингта қўшма корхона фаолият юритаётгани ҳамда Кореядан инвестициялар ҳажми 7  миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Шунингдек, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилинаётгани, улар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани юқори баҳоланди.

Муваффақиятли амалга оширилган қўшма лойиҳалар қаторида кўп тармоқли болалар шифохонаси, тўқимачилик технопарки, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва нодир металлар бўйича марказлар қайд этилди.

Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш, инфатузилма, «яшил» энергетика, давлат бошқаруви, молия, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали мулоқотларни йўлга қўйиш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш учун кенг имкониятлар борлиги таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг