Омбудсман тўғрисидаги қонун имзоланди
Жорий йил 15 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги ЎРҚ-1002-сон қонун имзоланди.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Омбудсман фаолияти қуйидаги асосий принциплардан иборат:
- қонунийлик;
- мустақиллик;
- адолатлилик;
- инсонпарварлик;
- камситишга йўл қўймаслик;
- холислик;
- очиқлик.
Сайланиш куни 30 ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкин.
Қонун билан Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади ва айни бир шахс Омбудсман лавозимига сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт бўлиб, шунингдек, илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter