Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ы операцияси ёхуд Шурикнинг саргузаштлари» янгича «кўринишда»

«Ы операцияси ёхуд Шурикнинг саргузаштлари» янгича «кўринишда»

Ҳаммамиз севиб томоша қиладиган «Ы операцияси ёхуд Шурикнинг саргузаштлари» фильмидаги имтиҳонга қулоқ оғриғи баҳонасида шпаргалка олиб кирган саҳнасини қизиқиш билан кўрамиз. Фильмда сергак профессор талабанинг оламшумул ихтироси учун «беш» баҳо қўйгани ҳам, кейин уни имтиҳондан чиқариб юборгани ҳам кишида кайфият уйғотади. Бироқ, ушбу кадрлар ортида «ихтирочи» талабанинг «чув» тушгани акс этган.

Бухородаги Автоўқув мактабларидан бирининг тингловчилари ҳам шу саҳнани янгича «кўринишда» ижро этишга уринишган. Бунда бир нечта тингловчилар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун давлат имтиҳонларидан ўтишда пухта «тайёргарлик» кўриб, турли ихтиролар «яратишган». Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХВ катта инспектори Улуғбек Шукурлаев маълум қилди.

Маълумки, ҳайдовчилик гувоҳномаси бу – шахсга автомашинани бошқариш ҳуқуқини беради. Бу ҳужжатни олиш учун бўладиган имтиҳонларга  кимнидир «кўриш», кимгадир пул қистириш орқали ўтиб олишга уринишларга чек қўйилган. Бироқ, айрим фуқароларнинг ўқимай туриб, имтиҳон топширишнинг турли ғайриоддий усулларини ўйлаб топишгани аниқланган.

Таъкидланишича, Бухоро вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси инспекторлари томонидан Автоўргатувчи мактаблардан бирида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон ўтказилган. Имтиҳон жараёнларида антиқа усуллари билан қатнашмоқчи бўлган бир нечта тингловчилар ушланган.

Ҳолатга кўра, тўрт деворида кузатув камералари ўрнатилган имтиҳон хонасида бир нечта кузатувчилар бўлишига қарамай, Бухоро шаҳрилик фуқаро Ш.Х. ўзи «яратган» қўлбола ихтиро – қўл телефонига уланган қулоқчин орқали саволларга жавоб олиб туришга уринган. У шериги А.С. ёрдамида саволларга осонгина жавоб олишни ўйлаган. Ўз ўрнида, А.С. ҳам қоғоз шпаргалкадан фойдаланиш режасини тузган бўлган. Уларнинг уринишларини инспекторлар пайқаб қолишган.

Бошқа бир ҳолатда эса имтиҳон топширувчи В.Э. ўзига ўхшаб кетадиган бошқа бир шахсни топиб, уни имтиҳонга ўз ўрнига киритишга эришган.  Бироқ, оз фурсат ўтмай, сохта тингловчи ҳам фош бўлган. Ҳар уч тингловчи ҳам имтиҳондан четлатилган.

«Тизимга инновацион технологияларнинг киритилиши автомактабларда ўқиш жараёнлари, хусусан, имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминламоқда. Бироқ, шундай бўлса-да, ўқиш давомида машғулотларга қатнамаслик, хўжамкўрсинга ўқиш, энг муҳими, имтиҳонларга турли қинғир йўлларни қўллашга уринишлар ҳамон кузатилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишдан олдин тингловчи йўл ҳаракати қоидаларини қунт билан ўрганиши ва давлат имтиҳонларида ўз билимига таянган ҳолда қатнашиши лозим. Автоўргатувчи мактаб тингловчиларига ўз билимингиз билан имтиҳондан ўтишга ҳаракат қилинг. Зеро, бу шунчаки имтиҳон эмас, сизнинг ҳаёт-мамот масалангиз бўлиши мумкин, деб қоламиз»,-деди Улуғбек Шукурлаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг