«Оққўрғон тажрибаси» Андижонда давом эттириляпти
Ўзбекистон президентининг «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ижро этиш юзасидан Республика ишчи гуруҳи «Оққўрғон тажрибаси» асосида Андижон вилоятидаги айрим камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этди.
Хусусан, Улуғнор тумани «Янгиобод» маҳалласи ҳудудида темир-бетон устунлар ўрнатилганига 2 йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса-да, электр кабели тортилмаган, оқибатда 100 дан ортиқ аҳоли хонадонларининг электр таъминотида узилишлар юзага келган. Бўстон туманида А373 «Тошкент-Ўш» халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 45 км қисмини таъмирлаш ишлари 10 йилдан буён якунига етказилмаган. Бундан ташқари, Избоскан тумани «Ифтихор» маҳалласи Замондош кўчасида 2,8 км сув қувурининг тортилиши учун 2 млрд. сўмлик лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бироқ, бугунги кунга қадар маблағ ажратилмаган.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида, Республика ишчи гуруҳи томонидан қатор амалий ишлар олиб борилди.
Хусусан, жойларда ижтимоий инфратузилма ҳолатини яхшилаш бўйича 7,8 км йўл таъмирланди, 2 дона янги трансформатор ўрнатилди, 24 та темир-бетон таянчлар ўрнатилди, янги электр тармоғи тортилмоқда. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида 54 та маҳаллада 18,1 км тармоқ тортилди, Жалақудуқ тумани «Хасанқовоқ» маҳалласи ва Избоскан тумани «Ифтихор» маҳалласида сув миноралари таъмирланди.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибор марказида бўлди.
Вилоятда 2 420 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикларда аниқланган 73 нафар беморлар ҳудудий шифохоналарга ётқизилди, 28 нафарига вилоят шифохоналарига ордер берилди. Шахрихон туманида 4 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бундан ташқари, 14 нафар кам таъминланган оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, 31 нафарига кийим-кечаклар бепул етказилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter