ОТБ Ўзбекистон туғуруқхоналари учун $100 млн имтиёзли кредит ажратади
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукуматига ҳомиладор аёллар ва уларнинг янги туғилган чақалоқлари учун перинатал соғлиқни сақлаш хизматларини яхшилашга кўмаклашиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.
«ОТБ Ўзбекистонда аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва неонатал ўлим (0-28 кунгача бўлган ўлим)ни камайтириш мақсадида Ўзбекистонда юқори сифатли перинатал тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича ҳукумат лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди», – дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Эвгений Жуков.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда оналар ўлими 2010 йилда ҳар 100 000 тирик туғилган чақалоққа 38 ўлимдан 2020 йилда 30 ўлимгача яхшиланган бўлса-да, Европа ва Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткичдан юқорилигича қолмоқда. Ўзбекистонда неонатал ўлим кўрсаткичлари илгари яхшиланган бўлса-да, кейинги йилларда туғилишнинг ўсиши фонида бу кўрсаткич ҳам ошган.
Мазкур интеграциялашган перинатал ёрдам лойиҳаси ҳукуматга бутун мамлакат бўйлаб қарийб 230 перинатал марказни модернизация қилиш, уларни замонавий энергия тежовчи тиббий асбоб-ускуналар, янгиланган клиник стандартлар ва протоколлар, тиббиёт ходимларининг салоҳияти ва сифатини таъминлаш механизмлари билан жиҳозлашда ёрдам беради.
Маълумот учун, ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, 49 та ҳудуддан 68 аъзоси бор.
Ўзбекистон эса ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери банк мамлакатга 12,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўрсатган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter