Ўтган йили Россия ҳудудига қарийб 8 минг нафар «талаба» кириб келган

Россиянинг ФСБ Чегара хизмати жорий йилнинг биринчи чорагида КХДР фуқароларининг мамлакатга оқими тўхтагани акс этган статистикани тақдим қилди.
Айни статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда Шимолий Корея фуқаролари «ўқиш» баҳонасида Россия чегарасини 7887 марта кесиб ўтган.
Мамлакат бу кўрсаткич бўйича 2019 йилдан буён рекорд ўрнатди. 2024 йилда шимолий кореяликларнинг Россияга ташрифи мақсадларидан – иккинчи энг оммабопи «иш сафарлари» бўлиб, бу 3098 нафарни ташкил қилади. Пандемиядан олдинги 2019 йилда бизнес ташрифлари икки баравар кўп бўлган (6 339).
2024 йилнинг учинчи чорагида мамлакатга кирган шимолий кореялик «талабалар»нинг рекорд сони, энг қизиғи, Россия Таълим вазирлигининг бундай кенг кўламли алмашинув дастурлари ҳақидаги ҳисобот бермагани етмаганидек, мамлакатдаги университетларда чет элликлар учун белгиланган квоталар сонини ҳам ўзгартирмаган.
ФСБ маълумотларига кўра, Шимолий Корея талабаларининг Россияга оқими 2025 йилнинг биринчи чорагида тўхтаб қолди: бу вақт ичида мамлакатга атиги 300 га яқин одам кирган ва фақат учтаси ўз сафари мақсади сифатида ўқишни кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг кузидан бошлаб Россия Украина билан урушда, аниқроғи, Курск вилоятидаги жангларда қатнашиш учун Шимолий Кореядан жангчиларни ёллагани маълум бўлган эди. Айрим чет эл разведкаси маълумотларида эса жангларда 600 нафар КХДР ҳарбийлари ҳалок бўлгани ва 2700 киши яралангани айтилади. Россия ҳудудидаги КХДР қўшинларининг умумий контингенти 12 минг жангчига баҳоланган.
Гарчи ушбу маълумотлар расмий доираларда тасдиқланмаган бўлса-да, кейинчалик, Курскдаги жанглар Россия фойдасига оға бошлаганидан сўнг очиқланди. Ҳатто, РФ президенти Путин чиқиш қилиб Курскни озод қилишда қўшган ҳиссаси учун КХДР ҳарбийларига миннатдорлик ҳам билдирди. Ўз навбатида, Ким Чен Ин Россия томонида туриб Украинага қарши курашган ҳарбийларини тақдирлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter