Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Афғонистон билан аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Ўзбекистон Афғонистон билан аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Кеча, 15 август куни Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов амалий ва ишчи ташриф билан Афғонистон Ислом Амирлигининг Қобул шаҳрида бўлди.

Ташриф дастурига мувофиқ, вазир И.Абдураҳмонов Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири А.Умарий билан учрашди.

Унда, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида аграр ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаб, икки давлат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш орқали ўзаро озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини даромадини ошириш масалалари, амалдаги лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди.

Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон ҳудудида афғон заъфаронини етиштириш, Ўзбекистон томонидан Афғонистонга тупроқ таҳлилини ўтказиш бўйича мобил (кўчма) лабораториясини беғараз тақдим қилиш борасида битимлар имзолашга келишиб олинди.

Бундан ташқари, келгусида Афғонистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, давлатлар иқлим шароитига мослашган йирик ва майда шохли чорва молларини ўзаро айирбошлаш ҳамда Ўзбекистонда яратилган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини Афғонистон ҳудудида синаш ва уруғчилигини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Мулоқот давомида, икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ҳажмини оширишда экспорт ва импортга рухсат берилган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш борасида қилинаётган ишлар юқори баҳоланди. Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган яқин қўшничилик сиёсати ҳамда Афғонистонга қилинаётган эътибор ва кўмагини эътироф этди.

Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан Афғонистонда мазкур соҳада фаолият юритаётган 10 нафар вазирлик ходимлари учун қисқа муддатли онлайн тренинг ташкил этилгани ҳамда ушбу тренинг ўз самарасини кўрсатишни бошлаганини таъкидлаб ўтилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг