Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбeкистон электр энергияси хизматларини замонавийлаштириш учун ОТБдан 200 млн доллар қарз олади

Ўзбeкистон электр энергияси хизматларини замонавийлаштириш учун ОТБдан 200 млн доллар қарз олади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга энергия самарадорлиги ва электр энергияси хизматлари ишончлилигини ошириш учун тизимни модернизация қилиш ва рақамлаштиришга ёрдам беришга қаратилган 200 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарзни маъқуллади.

Ушбу лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги 26 та тақсимловчи подстанциялар рақамли подстанцияларга, жумладан, диспетчер назорати ва маълумотларни йиғиш (SSADA) тизимига модернизация қилинади. Таъкидланишича, рақамли ҳимоя релеси ва иқлимга чидамли лойиҳа подстанцияларнинг табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳодисалар пайтида ишлаш ишончлилиги ва чидамлилигини оширади, шунингдек, минтақавий электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олади.

ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков берган маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг тақсимлаш тизими 7,6 миллион маиший ва саноат истеъмолчиларига хизмат кўрсатади. Хонадонларни 100 фоиз электрлаштиришга эришилганига қарамай, мамлакат асосан 1960-йилларда қурилган эскираётган ва ҳаддан ташқари юкланган инфратузилма туфайли ишончсиз электр таъминотидан азият чекяпти.

Ўзбекистонда энергияга бўлган талаб эса 2019 йилдаги 67 тераватт-соатдан 2030 йилда 120,8 тераватт-соатгача ошиши кутилмоқда. Ҳукумат 2030 йилга қадар мавжуд 12,9 ГВт қувватга қўшимча равишда 17 гигаватт (ГВт) миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини қуришни, жумладан, 8 ГВт қувватга эга қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.

— Ушбу лойиҳа Ўзбекистонга мамлакатнинг ортиб бораётган талабини қондириш учун зарур бўлган қўшимча энергияни ишончли етказиб бериш имконини беради, — деди ОТБнинг Энергетика бўйича бош мутахассиси Сун Дак Ким.

ОТБ лойиҳаси, шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ давлат тақсимлаш компаниясининг молиявий бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, соҳага аёл мутахассисларни тайёрлаб беришни рағбатлантириш мақсади учун ҳам 250 минг АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам гранти тақдим этилади.

Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) қисман ОТБ томонидан бошқариладиган 70 миллион евро (тахминан 75 миллион АҚШ доллари) миқдорида қўшма молиялаштиришни тақдим этади.

Маълумот учун, ушбу қарз 25 йил муддатга берилади ва шундан 5 йиллик муддати имтиёзли ҳисобланади. Лойиҳа 2023 йил октябр ойидан 2028 йилнинг март ойига қадар амалга оширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг