Ўзбекистон ЖСТ аъзолигига яқинлашяпти: айрим корхоналарнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинди
Президент Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлида муҳим фармонни имзолади. Фармонга кўра, айрим корхоналарга қонунчилик билан тақдим этилган қуйидаги махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилинди:
2025 йил 1 январдан бошлаб:
- «Ўзметкомбинат» АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;
- «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;
- «Ўзтрейд» АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;
- «Ўзкимёимпекс» МЧЖнинг «Ўзкимёсаноат» АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи.
2026 йил 1 июлдан бошлаб эса:
- «UzGasTrade» АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;
- «Ўзэнергосотиш» АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи.
Белгиланишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилади.
Мобиль ва (ёки) симли телекоммуникация тармоқларига эга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига тезкор-қидирув фаолияти, ахборот ва киберхавфсизлик тизимлари талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter