Ўзбекистон тиббий буюм ва дори воситаларини Кувайтга экспортини режалаштиряпти
Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов ва Кувайт Фармацевтика импортёрлари ва дорихоналар уюшмаси бошқарув кенгаши раиси, «Al Mojil Drug Company» компанияси бош директори Файсал ал-Можил учрашувида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тиббий буюмлар ва дори воситаларининг Кувайтга экспортини ташкил қилиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.
Учрашувда Кувайт вакилига Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан намуналар тақдим этилди.
Тақдим этилган лойиҳалар бўйича фикр алмашиш мақсадида Кувайт Фармацевтика импортёрлари ва дорихоналари уюшмаси ва Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этиш таклифи ҳам берилди.
Файсал ал-Можил Ўзбекистонга 1999 йил борганини, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилганини маълум қилди. Шунингдек, у сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръатини ва эришилаётган юксак натижаларни юқори баҳолади.
«Биз ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва компаниялари билан музокара ўтказишга тайёрмиз», - деди Файсал ал-Можил.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter