Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди

2024 йил 16 июл куни имзоланган «Ўзбекистон ва Туркманистон Ҳукуматлари ўртасида узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисида Битимга эркин савдо режимидан истиснолар тўғрисида»ги баённома кучга кириши учун зарур тартиботларнинг икки тарафлама бажарилиши якунланди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги берган маълумотга кўра, шу муносабат билан, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 2025 йил 25 февралдан эркин савдо режими жорий этилди.
Мазкур Баённома Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 27 январдаги ПҚ-29-сон қарори билан тасдиқланган.
Қайд этилишича, 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 1,14 млрд долларни ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 5,5 фоизга ошган.
Режимнинг жорий этилиши натижасида, айрим турдаги маҳсулотлардан ташқари икки мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божлари бекор қилиниб, ўзаро товарлар савдосидаги мавжуд чекловлар бартараф этилди ва савдо тартиботлари соддалаштирилди.
Масалан, Туркманистонга олиб кирилаётган маҳаллий цемент маҳсулотлари (божхона тўлови 100 фоиз), тўқимачилик матолари (50 фоиз), мебел (50 фоиз), шиша идишлар (50 фоиз), сув иситиш қозонлари (15 фоиз), пластик ва полипропилен маҳсулотлар (10 фоиз), колбаса ва гўшт маҳсулотлари (1 кг учун 2 доллар), пахта ёғи (1 кг учун 1 доллар) божхона тўловлари бекор қилинди.
Божсиз савдо режимининг қўлланиши келгусида икки мамлакат ўртасида инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат кооперацияларини ривожлантириш орқали ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга замин яратади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда Туркманистон бозорига маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режимидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича мунтазам тизимли ишлар олиб борилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter