Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда қайд этилган ўлимлар сони ва сабаблари ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистонда қайд этилган ўлимлар сони ва сабаблари ҳақида маълумот берилди

Жорий йилнинг январ-сентябр ойларида республика бўйича вафот этганлар сони 129,7 минг кишини ташкил этди (71,4 минг эркак ва 58,3 минг аёл). Ҳудудлар кесимида эса вафот этганларнинг 69,6 минги шаҳарга, 60,1 минг нафари эса қишлоқларга тўғри келган.

Статистика агентлиги ҳисобот даврида ўлимга ёки унинг содир бўлишига таъсир этган касалликлар, патологик ҳолатлар ва жароҳатлар, шунингдек, ўлим билан якун топган жароҳатга сабаб бўлган бахтсиз ҳодиса ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида ҳам маълумот берди.

Унга кўра, 2023 йилнинг январ-сентябр ойларида қайд этилган ўлим ҳолатининг 58,9 фоизи – қон айланиш тизими касалликларидан, 10,7 фоизи – ўсимталардан, 6,6 фоизи – нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,7 фоизи – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 3,6 фоизи – овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 1,4 фоизи – юқумли ва паразитар касалликлардан, 14,1 фоизи бошқа касалликлардан вафот этганлар.

Ўлим ҳолатларининг ёш гуруҳлари бўйича кесимида эса вафот этганларнинг:

  • 12,1 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар;
  • 23,9 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдагилар;
  • 64 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ташкил этган.

Ҳудудлар бўйича вафот этиш коеффициенти энг юқори Қорақалпоғистон Республикасида ва Сирдарё вилоятида 5,3 промилле, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида 5,0 промилле, энг кам кўрсаткич Навоий вилоятида 4,2 промилле, Бухоро вилоятида 4,3 промиллени ташкил этган.

Ўлимларнинг ўсиш суръати энг юқори даражаси эса, ҳисобот дарвида, Сирдарё вилоятида 112,9 фоизга, Қорақалпоғистонда 109,9 фоизга, Навоий вилоятида 103,1 фоизга, Наманган вилоятида 102 фоизга ва Андижон вилоятида 101,8 фоизга тенг бўлган.

Ўлимларнинг ўсиш суръати Тошкент шаҳрида 88,2 фоизни, Бухоро вилоятида 92,9 фоизни, Хоразм вилоятида 94,4 фоизни, Фарғона вилоятида 96,5 фоизни ва Қашқадарё вилоятида 97 фоизни ташкил этиб, сезиларли камайган.

Маълумот учун, 2023 йил январ-сентябр ойларида тирик туғилганлар сони 716,9 минг кишини ташкил этиб, шундан ўғил болалар сони 371,6 минг кишини, қиз болалар сони 345,3 минг киши, тирик туғилганлар сони шаҳар жойларида 359 минг кишини, қишлоқ жойларида 357,9 минг кишини ташкил этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг