Ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширалар Қувайт шифохоналарига жалб қилиниши мумкин
Ўзбекистон элчихонасида Қувайтнинг «Adan Hospital» клиникаси шифокори, йирик сармоядор Муҳаммад Ҳасан ал-Кандари билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар тиббиёт соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳамда амалга оширилган ва оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар муҳокама этилди.
«Дунё» АА берган хабарига кўра, учрашувда Қувайт томонига Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мазкур жабҳада хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, поликлиника ва шифохоналарни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича кўрилаётган муҳим ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Томонлар, шунингдек Ўзбекистонда ёш болаларда кўз ва юрак бўйича жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш имкониятлари хусусида фикр алмашдилар.
Муҳаммад Ҳасан ал-Кандари 2022 йил сентябрь ойида Қувайтнинг «Ан-Нур» хайрия жамғармаси ва «HOPE» ташкилоти вакилларидан иборат делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлганини ҳамда турли жарроҳлик амалиётларини ўтказганини таъкидлади.
Қувайт вакили, шунингдек, Ўзбекистонда «Training center» тиббиёт ўқув марказини очиш таклифини билдирди. Таъкидланишича, марказ ўзбекистонлик шифокорлар ва ҳамшираларни малакасини ошириш орқали Қувайт шифохоналарига ишлаш учун жалб қилинади.
Музокаралар якунида мазкур масалани батафсил муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан онлайн учрашув ташкил қилиш тўғрисида келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter