Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Paynet»нинг хусусий секторга сотиб юборилгани маълум бўлди

«Paynet»нинг хусусий секторга сотиб юборилгани маълум бўлди

«UZPAYNET» МЧЖдаги 100 фоизлик давлат улуши «New Industrial Technologies» масъулияти чекланган жамиятига сотилган. Бу ҳақда Bankers.uz нашри Статистика агентлигининг корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларига таяниб хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, 2019 йил очилган «New Industrial Technologies» МЧЖнинг устав фонди 273 млрд 560 млн сўмни ташкил қилади. Компания таъсисчилари сифатида иккита жисмоний шахс - Алекс Ли (60 фоиз) ва Мустафа Абдрахманов (40 фоиз) ҳисобланади. Мустафа Абдрахманов, ўз навбатида, «Азия Альянс банк»нинг асосий акциядори «Asia Alliance Group» МЧЖнинг ҳам 77,6 фоиз улушига эгалик қилади.

«UZPAYNET» МЧЖ «Paynet» тўлов тизимининг оператори ҳисобланиб, ушбу тизимга 2005 йилда финтех-тадбиркор Ботир Арифжанов ва унинг шериклари томонидан асос солинган. Кейинчалик, бренд эгаси ҳисобланган «UZPAYNET» МЧЖ давлат тасарруфига ўтган, тадбиркор эса компаниядан кетганди.

«UZPAYNET» 2014 йилдан буён тўлиқ АТ «Халқ банки» муассислигида фаолият юритиб келган.

Кейинчалик эса «UZPAYNET» МЧЖ Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган. 2022 йилда агентлик томонидан компаниянинг хусусийлаштирилиши бўйича консалтинг компанияси жалб қилиниши тўғрисида, бироз муддат ўтиб эса хусусийлаштириш жараёни бошлангани ҳақида ва яна бир неча ахборотлар бериб борилган. Аммо орадан қарийб икки йил вақт ўтганига қарамасдан «UZPAYNET» МЧЖнинг сотилиши юзасидан бошқа маълумотлар берилмаган.

«"Давактив «UZPAYNET» МЧЖнинг сотиш жараёнлари ҳақида ўзининг расмий сайти ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон ёки маълумот жойлаштирмаган. Ушбу масала юзасидан Bankers.uz нашри агентлик матбуот хизмати билан боғланди, бироқ жавоб ололмади», – дейилади хабарда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг